Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чораги давомида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари таҳлили юзасидан маълумот.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2024 йил биринчи чораги давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди.                                                                       

Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида биринчи инстанция судида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 58 таси ёки 43.9 фоизини маъмурий органлар ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.          Шундан, вилоят ҳудудидаги давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини 11 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Жумладан, Сирдарё туман ҳокимининг 4 та, Гулистон туман ҳокимининг 2 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 1 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 1 та хамда Боёвут туман ҳокимининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.                                                                                                   

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича 2024 йил биринчи чорагида 9 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 16 таси ёки 24,3 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.                                                                                

Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.          

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига 2024 йил биринчи чорагида 1 та хусусий ажрим чиқарилган.    

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.