Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида
Барчамизга маълумки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадлари янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топди.
Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини конституциявий асослар мустаҳкамлади.
Конституциянинг иккинчи бўлими Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Бунда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқларини кафолатлаш механизми, мутлақо янги масала ва йўналишлар акс этган оид нормалар уч бараварга ошганлигини кўриш мумкин. Хусусан, 54-моддада илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” ва 56-моддада “Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратади” деб белгиланди. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳуқуқий нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши мумкинлиги бизнинг ҳуқуқий амалиётимизда мутлақ янги воқеликдир.
Қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши фуқароларга Конституция нормаларига асосланган ҳолда судларга мурожаат қилишга имкон беради. Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита тадбиқ этиб, Конституцияда белгиланган нормаларни кўрсатган ҳолда қарор қабул қилишни англатади.
Судлар томонидан Конституция нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш мақсадида 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сон қарори қабул қилинган.
Мазкур Пленум қарорида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши, Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши, шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги кўрсатилган.
Судлар Конституция нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги важи билан қўллашни рад этишга йўл қуйилмаслигига эътибор қаратишлари кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари яратди.
Хусусан, Конституциянинг 29-моддаси тўртинчи қисмига асосан Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Мазкур норма судллар томонидан барча тоифадаги ишларда далилларга ҳуқуқий баҳо беришда қўлланилади.
Ушбу норманинг олтинчи қисмига кўра, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Конституциянинг 55-моддаси бешинчи қисмига кўра, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
Фаррух Ахматкулов
Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси