Маъмурий судларда мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималарининг қўлланилиши
Суд ҳужжатларининг таъсири ва самарадорлиги шубҳасиз уларнинг ижроси ўз вақтида ҳамда тўла таъминланиши билан боғлиқ.
Суд ҳужжати талабининг ўз вақтида ижро этилиши шахсларнинг ҳуқуқлари тикланишига, қонуний манфаатлари ҳимояланишига олиб келади.
Шу боис, амалдаги қонунчиликда суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган муайян тартиблар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминланамаганлик учун қатъий чоралар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига (кейинги ўринларда МСИЮтК) бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК нинг 122-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, маъмурий суд ҳужжатлари ижросини таъминламаганлик учун суд жарималари белгилаш тартиби янада такомиллаштирилди.
Тартибга кўра, маъмурий суднинг суд ҳужжати ижро этилмаганда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солиниши мумкин.
Бироқ, қонунда маъмурий судларга мансабдор шахсларга нисбатан кўпайтирилган миқдорда суд жарималари солиш ҳуқуқини назарда тутувчи қоидалар ҳам белгиланди.
Хусусан, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига дастлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади.
Мақолада ёритилаётган масала бўйича ўрнатилган асосий янгиликлардан бири шундаки, суд томонидан солинган жаримадан сўнг ҳам маъмурий суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, мансабдор шахсга дастлабки жариманинг ўн баравари миқдорида, яъни кўпайтирилган суд жаримаси солинади.
Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилмаган тақдирда эса, санаб ўтилган шахсларга тўғридан-тўғри кўпайтирилган миқдордаги суд жаримаси солинади.
Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар мансабдор шахсларининг суд қарори ижросини таъминлашга оид масъулиятини янада ошириш мақсадида, солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.
Суд жарималари тўлиғича республика бюджети даромадига йўналтирилади.
Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масала суд мажлисида иштирок этаётган шахсга нисбатан кўрилаётган бўлса, шу суд мажлисининг ўзида ҳал этилади.
Суд мажлисида иштирок этмаётган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала унинг иштирокини таъминлаш ва тушунтиришларини эшитиш мақсадида мақсадида бошқа суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга ва ижро органига юборилади.
Қонунчиликда белгиланган мазкур қоидалар суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида ва тўла таъминлаш орқали шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг қонунга зид бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан жабрланишини олдини олиш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Мирзоҳид Хайдаров
Вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Йўлдош Қўлдошев