Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида келишув битими институти жорий қилиниши фуқаро ва тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқларини таъминлаш кафолатланади
Ҳаммамизга маълумки, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, айниқса давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда маъмурий суд ишларини юритишда тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.
Шу билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фуқаро ва тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли Қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси “Келишув битими” деб номланган 151-боб билан тўлдирилиб, маъмурий суд ишларини юритишда янги келишув битими институти жорий қилинди.
Эндиликда тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин. Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади. Келишув битимининг муҳим шартларидан бири жавобгарда фақат маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда тарафларнинг келишувига йўл қўйилади.
Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) — маъмурий органнинг қонунчилик доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қонунийликка ва мақсадга мувофиқликка ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи деб тушунилади.
Келишув битимининг яна бир муҳим шартларидан бири келишув битими фақатгина маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича тузилиши мумкин.
Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.
Келишув битими ёзма шаклда ва уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган нусхаларда тузилади ва имзоланади.
Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.
Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тўлиқ ёки қисман тугатилганлиги кўрсатилади.
Шу билан бирга қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослар келтирилган бўлиб, буларга келишув битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса; унинг шартлари кўриб чиқилаётган низо (иш) предмети билан боғлиқ бўлмаса; жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлмаса ва битим шарт асосида тузилган бўлса, келишув битимини тасдиқлаш рад қилинади.
Келишув битимини тасдиқлаш рад этилган тақдирда, бу ҳақда ажрим чиқарилади ва суд муҳокамаси умумий тартибда ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида келишув битими институти жорий қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатланади.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси С.Рустамов
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг бош консулътанти С.Одилов