Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари тўғрисида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда маъмурий судлар муҳим институт сифатида шаклланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 27-моддасида маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар жумаласига маъмурий судлар давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш киритилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда судларнинг ролини оширган ҳолда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келаётганлигини кўришимиз мумкин.
2025 йил 30 январь куни “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 33-сонли президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ қуйидаги янги институт ва тартибларни жорий этиш белгиланди:
- Маъмурий суд ишларини юритишга маъмурий даъво институтини киритиб, даъво турларини аниқ белгилаш (ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мажбуриятини юклаш, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажаришдан тийилиш мажбуриятини юклаш, тан олиш ҳақидаги даъволар).
- Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорига оид қоидаларда халқаро стандартлардан келиб чиқиб, маъмурий акт концепцияси қоидаларини қўллаш амалиётини жорий этиш.
- Маъмурий суд ишларини юритишда процессуал мажбурлов чоралари доирасини (масалан, жарима қўллаш ва бошқалар) белгилаш.
- Маъмурий органнинг маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) ваколатини суд томонидан текшириш тартибини белгилаш.
- Маъмурий суд ишларини юритишда алоҳида тоифадаги ишларни кўриш тартибларини такомиллаштириш, норматив тусдаги қонуности ҳужжатлари устидан низолашиш тартибларини белгилаш.
- Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча ишларни маъмурий судларнинг тааллуқлилигига ўтказиш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳамда маъмурий органга нисбатан қўзғатилган ишларнинг маъмурий судларга тааллуқлилигини қатъий белгилаш.
Хулоса қилиб айтганда, 33-сонли пресидент қарори Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди. Келгусида мазкур механизмларни янада чуқурлаштириш ва амалиётда тўлиқ татбиқ этиш ҳуқуқий давлат қуриш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Гулистон туманлараро
маъмурий суди судъяси А.К.Ганиев
Гулистон туманлараро
маъмурий суди судъя ёрдамчиси И.Ҳабибуллаев






