2025 йил 20 майда “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди
– Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Натижада одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилди. Одам савдосидан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ҳимоялаш кучайтирилди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим масалаларда, хусусан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгилаш зарурати вужудга келди.
Жиноят кодексининг 135-моддасида одам савдоси жинояти объекти бўйича оғирлаштирувчи банд сифатида ҳомиладор аёлга нисбатан, шунингдек, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида содир этиш қайд этилмаган эди.
Ваҳоланки, одам савдоси билан боғлиқ ҳолда содир этилган жиноятлар (2019 йилда – 94, 2020 йилда – 93, 2021 йилда – 162, 2022 йилда – 165, 2023 йилда – 144 та) содир этилган, одам савдосидан жабрланганларнинг 70 фоизи фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилган.
Шундан келиб чиқиб, қонун билан Жиноят кодексига юқоридаги қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ҳамда ушбу қилмишни оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар киритилди.
Қонунга кўра, биринчидан, ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси қилмиши учун оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “ҳомиладор аёлга нисбатан” деган банд билан тўлдирилди.
Гулистон туманлараро маъмурий суди судяси А.Кудратов