Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг
2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги ЎРҚ-703-сонли Қонуни нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.

Жумладан, Қонуннинг 6-моддаси матни янги таҳрирда баён этилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгалиги бўйича норма белгиланди.

Қонуннинг 9-моддасида судьялар мустақиллиги, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши белгиланди.

Қонуннинг 14-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Қонуннинг 15-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши белгиланди.

Қонуннинг 16-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, ушбу модда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги нормалар билан тўлдирилди.

Қонуннинг 79-моддасида суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Қонуннинг 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи янги таҳрирда баён этилиб, судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги мустағлаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

раиси Т.Қодирқулов