Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинди
Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2025 йил
29 апрелдаги 9-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур Пленум қарорида қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш юзасидан бир қанча муҳим тушунтириш ва кўрсатмалар бериб ўтилди.
Жумладан, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.
Иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди.

Суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга аризачининг фикрига кўра суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилиши лозим.
МСИЮтК 267-моддасига кўра фақат қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мумкинлиги сабабли, қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида берилган ариза МСИЮтК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади.
МСИЮтК 269-моддасида кўрсатилган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
Агар аризада янги очилган ҳолатлар ҳақида фактик маълумотлар кўрсатилмаган ёки ариза фақатгина суд ҳужжати ноқонунийлиги ва асоссизлиги ҳақидаги важларга асосланган бўлса, бундай аризани қаноатлантиришга йўл қўйилмайди.
Иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган, суд хулосаларига жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар тан олиниши мумкин.
Юқоридаги тушунтириш ва кўрсатмалардан ҳам кўриш мумкинки, мазкур Пленум қарори келгусида маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлашда муҳим ахамият касб этади.
Сирдарё вилоят маъмурий суди
раиси Т.Қодирқулов
Сирдарё вилоят маъмурий суди
бош консультанти Ш.Ўктамов