Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларинижорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашгадоир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг III-қисмида белгиланган Суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари мақсаднинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш

«Суд соҳасини рақамлаштиришнинг янги режалари»


Суд тизимини рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш жараёни мамлакатимизда изчил давом этмоқда. 2025–2027 йилларга мўлжалланган махсус дастур қабул қилиниб, унда одил судловнинг самарадорлиги ва аҳоли учун қулайликларни янада оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланди.

Янгиликлар ва режалар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси

2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар ва судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қиладиган замонавий онлайн платформа ишга туширилади.

Суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш

2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик равишда тайёрлайдиган махсус ахборот дастури ишлаб чиқилади.

«my.sud.uz» порталида ҳуқуқий ёрдам хизмати

2026 йил 1 январдан «my.sud.uz» порталининг янги имконияти – сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи ишга туширилади. У фуқароларнинг ҳуқуқий саволларига жавоб беради ва зарур маълумотларни автоматик етказади.

ЯИДХП орқали дастлабки маълумотлар

2026 йил 1 мартдан фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича дастлабки суд маълумотларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади.

Янги интерактив хизматлар ва «Шахсий кабинет»

2026 йил якунига қадар фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизмат йўлга қўйилади. Шунингдек, суд тизимидаги «Шахсий кабинет» платформасининг янада қулай ва замонавий версияси ишлаб чиқилади.

Гулистон туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                                                                  А.Кудратов

Гулистон туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси                                                                                     Ё.Солиев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашгадоир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг I-қисмида белгиланган 7 та мақсаднинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт- шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган «Рақамли суд» – одил судловнинг янги босқичи.

1. Суд ишларини қоғоздан рақамли шаклга ўтказиш

Энди суд жараёнларида қоғоз ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечилади. Барча ишларни тўлиқ электрон тарзда юритиш орқали вақт ва ресурслар тежалади, жараёнлар янада тезкор ва қулай бўлади.

2. Электрон хизматлар сонини ошириш

Аҳоли ва тадбиркорлар суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан онлайн танишиш, ариза судга тааллуқлилигини текшириш ва ҳатто сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентлар бўйича очиқ электрон реестр юритилади.

3. Сунъий интеллект ва техник инфратузилма

Суд тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник база яратилади. Бу эса одил судловни янада самарали ва замонавий ташкил қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади.

4. Суд ҳужжатлари электрон архиви

Олий суд ахборот тизими асосида махсус электрон архив модули ишлаб чиқилади. Бу орқали ҳар қандай суд ҳужжати электрон равишда хавфсиз сақланади ва исталган вақтда топиб олиш мумкин бўлади.

5. Кибер ҳуқуқ ва судьялар малакаси

Судлар фаолиятини рақамлаштириш соҳасида “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борилади. Судьялар ва суд аппарати ходимлари доимий равишда рақамли саводхонлик ва малакасини ошириб бориши таъминланади.

6. Иқтисодий судлар фаолиятини самарали ташкил қилиш

Иқтисодий судлар тузилмаси оптималлаштирилиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги оширилади. Бу эса ягона суд амалиётини шакллантириш ва барқарор одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

7. Замонавий суд мажлиси заллари

“Рақамли суд” концепцияси асосида замонавий суд мажлиси заллари босқичма-босқич ташкил этилади. Судьялар ва суд ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Гулистон туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                                                                              А.Ганиев

Гулистон туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси                                                                                     И.Ҳабибуллаев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларинижорий этиш «Рақамли суд» концепциясини жорий этиш мақсаднинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш

«Рақамли суд»: Судлов тизимида янги босқич


Юртимизда суд тизимини ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш йўналишида янги ва муҳим қадамлар қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олий суд, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифлари асосида “Рақамли суд” концепцияси амалга оширилади.

«Рақамли суд»нинг асосий имкониятлари

Сунъий интеллект ёрдамида олдиндан тахмин

Судга мурожаат қилишдан аввал, сунъий интеллект орқали суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва харажатлари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади.

Аризалар электрон тарзда

Барча мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади. Бу вақтни тежайди ва ортиқча қоғозбозликка барҳам беради.

Масофавий иштирок

Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмай, масофадан туриб суд муҳокамаларида қатнашиш имкониятига эга бўладилар.

Материаллар билан электрон танишиш

Тарафлар ва ишда қатнашувчи барча шахслар иш материаллари билан онлайн тарзда тўлиқ танишиши мумкин бўлади.

Электрон ҳисоб-китоб

Суд харажатлари электрон ҳисобланади ва тўланади. Ижро варақалари эса автоматик равишда ижрога юборилади.

Ишларни тўлиқ рақамли юритиш

Замонавий ахборот технологиялари орқали суд ишлари тўлиқ электрон шаклда олиб борилади.

Баённомалар реал вақтда

Сунъий интеллект суд мажлиси баённомаларини реал вақтда матн шаклида тайёрлайди.

Суд ҳужжатлари автоматик лойиҳалаш

Суд қарорлари ва ҳужжатлари сунъий интеллект ёрдамида автоматик тарзда шакллантирилади.

Қадамлар ва тажриба

📌 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган замонавий суд мажлиси заллари ташкил этилади.

📌 Олий суд икки ой муддатда қайси турдаги ишлар “Рақамли суд” доирасида кўрилиши мумкинлигини белгилайди.

📌 Тажриба самараларига кўра, 2026–2027 йилларда концепция босқичма-босқич бутун республика бўйлаб жорий этилади.

Гулистон туманлараро

маъмурий судининг раиси                                                                                     А.Бўриев

Гулистон туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси                                                                                     З.Эгамбердиева

Жорий йилнинг 3 июль куни Истиқлол ва Бахт МФЙларда судья А.Норқўзиев ва судья катта ёрдамчиси Ж.Завқиев, Давра суҳбатидан лавхалар.

«Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни.
(2025 йил 9 июнь ЎРҚ-1067-сон).

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан «Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ушбу Қонун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Давра суҳбати давомида йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, ўзларига тегишли жавобларни олишди.
Кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама қилиниб йиғилиш иштирокчилари томонидан билдирилган фикр ва мулохазалардан сўнг раислик қилувчи йиғилишни ёпиқ деб эълон қилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ГИ ЎРҚ-1081

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги энг муҳим кафолатлардан бири сифатида белгилаб қўйилди.

Бироқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаганда ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиб, суриштирувдан, дастлабки терговдан ёхуд суддан яшириниши ҳоллари кузатилмоқда. Натижада жиноятдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш имконияти пасаймоқда.

Мазкур Қонун билан «Прокуратура тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган тақдирда, улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиб, суриштирувдан, дастлабки терговдан ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан уларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланишига доир тартибни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлашга, унинг қонуний манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий

судининг раиси                                                                                       А.Бўриев

Гулистон туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамсичи                                                                   И.Хабибуллаев

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2025 йил 18 августдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги 10-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 22-23 август кунлари Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш давомида вилоят маъмурий суди биноси ҳудуди, ён-атрофи ва ҳовлиси бегона ўтлардан тозаланди, бино ҳовлисидаги ташқи деворлар бўялди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва уларга шакл берилди, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишлар амалга оширилди, ободонлаштириш жараёнида тўпланган чиқиндилар белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.

3 июль куни Истиқлол ва Улуғобод МФЙларда судья А.Норқўзиев ва судья катта ёрдамчиси Ж.Завқиев

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Қонунларига охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида давра сухбати ўтказилди (2024 йил 30 сентябрь ЎРҚ-968-сон).

Жорий йилнинг 18 июнь куни  Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси Т.Қодирқулов ва судья катта ёрдамчиси Ф.Ахматқуловлар Гулистон шаҳар “Намуна” ва “Сайқал” МФЙ биносида

Жорий йилнинг 18 июнь куни  Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси Т.Қодирқулов ва судья катта ёрдамчиси Ф.Ахматқуловлар Гулистон шаҳар “Намуна” ва “Сайқал” МФЙ биносида аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида давра суҳбатлари ўтказилди.

 
Ўтказилган давра суҳбатида Қонуннинг қисқача мазмун моҳияти тушунтирилди. Иштирокчилар томонидан берилган саволларга тегишли жавблар берилди.
 

Фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди

Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни ҳуқуқий онгини ошириш юзасидан қонунчиликда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қабул қилинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг
2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги ЎРҚ-703-сонли Қонуни нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.

Унга кўра, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланди. Шунингдек, шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилди.

“Судлар турисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича хисобдор бўлмаслиги белгиланди. Шунингдек, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўpa йўл қўйилиши кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

Судьяси С.Суванов

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинди

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2025 йил
29 апрелдаги 9-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур Пленум қарорида қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш юзасидан бир қанча муҳим тушунтириш ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Жумладан, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.

Иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди.

Суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга аризачининг фикрига кўра суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилиши лозим.

МСИЮтК 267-моддасига кўра фақат қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мумкинлиги сабабли, қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида берилган ариза МСИЮтК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади.

МСИЮтК 269-моддасида кўрсатилган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Агар аризада янги очилган ҳолатлар ҳақида фактик маълумотлар кўрсатилмаган ёки ариза фақатгина суд ҳужжати ноқонунийлиги ва асоссизлиги ҳақидаги важларга асосланган бўлса, бундай аризани қаноатлантиришга йўл қўйилмайди.

Иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган, суд хулосаларига жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар тан олиниши мумкин.

Юқоридаги тушунтириш ва кўрсатмалардан ҳам кўриш мумкинки, мазкур Пленум қарори келгусида маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлашда муҳим ахамият касб этади.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

раиси Т.Қодирқулов

Сирдарё вилоят маъмурий суди

бош консультанти Ш.Ўктамов

Skip to content