Инсон ҳуқуқ ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари.

Барчамизга маълумки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадлари янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топди.

Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади  ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини конституциявий асослар мустаҳкамлади.

Конституциянинг иккинчи бўлими Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари,  эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Бунда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқларини кафолатлаш механизми, мутлақо янги масала ва йўналишлар акс этган оид нормалар уч бараварга ошганлигини кўриш мумкин. Хусусан, 54-моддада илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” ва 56-моддада “Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратади” деб белгиланди. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳуқуқий нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши мумкинлиги бизнинг ҳуқуқий амалиётимизда мутлақ янги воқеликдир.

Инсоннинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя  қилиш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Айни пайтда Конституциянинг
55-моддасига янги норма киритилиб, унга кўра “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”дир.

Қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг  қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.

Шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинларини тиклаш масаласи унинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутганлиги сабабли, судлар томонидан чиқарилган қарорларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари жорий этилган.

Шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан  фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари яратди.

Конституциянинг мутлақо янги нормаларидан бири 57-моддада белгиланган  бўлиб, унга кўра меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши аниқ белгилаб берилди.

Ушбу нормалар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини мустаҳкамлаш имконини яратади, шунингдек, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини шакллантириш учун шароитлар яратишга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Й.А.Кулдашев

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсоннинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 27 февраль куни ““Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ва Адвокатура тўғрисидаги ҳамда Психиатрия ёрдами тўғрисидаги Қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мисол учун Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 297-моддаси қуйидаги мазмундаги «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак» учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилди.

Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади

А.Норқўзиев

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

Гулистон Давлат Университетидаги давра суҳбати

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья ва суд ходимлари, шунингдек Гулистон шаҳар прокурори иштирокида жорий йилнинг 13 июнь куни Гулистон Давлат Университетида таълим даргоҳи устоз-муаллимлари ва талабалари иштирокида қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш бериш мақсадида давра сухбати ўтказилди.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья ва суд ходимлари томонидан давра сухбати иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 10 июндаги ПФ-89-сонли Фармони, “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, шунингдек Гулистон Давлат Университети ходимлари иш фаолияти давомида юзага келаётган муаммолар ва низолар ечими бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбир сўнггида давра суҳбати иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Сирдарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                        Н. Абдуллаев

ДАВЛАТ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ МОҲИЯТИ

Давлат, давлатнинг келиб чиқиши мураккаб ҳодиса, қийин муаммолардан бири бўлганлиги туфайли кўплаб олимлар унинг моҳияти, келиб чиқиши, таърифи тўғрисида қадим даврлардан бошлаб турли–туман фикрларни асрлар давомида билдириб келганлар.

Давлат жамиятга тегишли сиёсий ташкилотдир. Давлат – жамиятнинг ягоналиги таъминлайдиган сиёсий ташкилот бўлиб, махсус механизим воситасида жамият ишларини бошқарувчи суверен оммавий – сиёсий ҳокимият сифатида ҳуқуққа умумий мажбурий хусусият бахш этади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонунийлик ва ҳуқуқий манфаатларини кафолатлайди.

Қадим даврлардан бошлаб давлатлар пайдо бўлган бўлса, вужудга келган давлатларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда такрорланмас жараёнларни босиб ўтган. Асрлар давомида олимлар давлатларнинг вужудга келишида бир – бирига ўхшаш ва кўп такрорланадиган жиҳатларни умумлаштирган ҳолда шу асосда турли таълимот, турли назарияларни илгари сурганлар. Назария ва таълимотлар асосида давлатнинг келиб чиқишига таъриф берадилар. Давлатнинг келиб чиқиши тўғрисидаги таълимот ва назарияларга – диний, табиий–ҳуқуқий, патриархал, шартнома, зўравонлик, тарихий– материалистик, органик, психологик назариялар киради.

 Теологик (диний) назария – таълимот тарафдорларининг фикрича, давлат ва бошқарув жараёнларининг вужудга келиши  бевосита Худо (Аллоҳ Таоло)нинг инояти ҳисобланади. Шу сабабли давлатнинг келиб чиқиши, ҳукмдорлар, сулолаларнинг давлатни бошқариши инсониятга эмас балки, илоҳий аҳамиятга боғлиқлигини ҳамда илк давлатларнинг диний бошқарув шаклларини (теократик) қаттиқ туриб ҳимоя қилади.

Патриархал назария – Бу назария дастлаб Аристотел асарларида асосланиб, XIII аср Р.Фильмер томонидан ривожлантирилди. Бу назария тарафдорлари давлат дастлаб бевосита оиладан ўсиб чиққан деб ҳисоблайди. Унга кўра давлат ҳокимияти отанинг оила аъзолари устидан  ҳокимлигини белгилаб беради.

Патремонал назария – XIX асрда яшаган француз олими А.Галлер томонидан ишлаб чиқилган. Бу назария тарафдорлари давлатни ерга мулкчилик ҳуқуқидан келиб чиққан (патримонум) деб  ҳисоблашади. Яъни, ҳокимият ерга эгалик қилиш ҳуқуқидан бевосита у ерда яшовчи одамларга ёйилади.

Шартномавий назария – XVII-XVIII асрларда кенг ёйилган бу назария тарафдорлари Ғарб Уйғониш даврининг етук мутафаккирлари – А.Горций, Ж.Локк, Т.Гоббс, Ж.Руссо, Д.Дидро, Ш.Монтескье кабилар эди.

Бу назарияга кўра давлат – одамлар ўртасида тузилган шартнома асосида одамларнинг онгли равишда бирлашишидир. Одамлар шартноманинг кучи билан ўз эркинлиги, ўз ҳокимиятининг бир қисмини давлатга берадилар.

Зўравонлик назарияси – Тарафдорлари: Е.Дюринг, Л.Гумплович, К.Каутский. Бу назария тарафдорлари давлат кучсиз ва ҳимоясиз қабилаларнинг кучли ва уюшган қабилалар томонидан босиб олиниши йўли, яъни, зўравонлик ёки куч ишлатиш йўли билан пайдо бўлган деб ҳисоблайдилар.

Ирригация назарияси – Немис олими К.Виттфогель томонидан ишлаб чиқилган бу назарияга кўра, давлатларнинг пайдо бўлиши, уларнинг бирламчи деспотик шакллари шарқий аграр вилоятларда улкан иншоотларнинг қурилиши зарурияти билан боғланади. 7. Синфий назария – Тарафдорлари: К.Маркс, Ф.Энгельс, В.Ленин, Г.Плеханов.  Бу назарияга кўра давлат синфлар пайдо бўлиши ва улар ўртасида синфий кураш кескинлашувининг якунидир. Давлат бир синф (юқори табақа)нинг бошқа синф (қуйи табақа) устидан ҳукмронлик қуролидир.

Психология назарияси – Тарафдорлари: Л.Петражетский, З.Фрейд, Г.Тард. Бу назария тарафдорлари давлатнинг пайдо бўлишини инсон психологияси, шахснинг жамоада яшашга эҳтиёжи, обрўли кишиларни излаш, буйруқ бериш ва итоат этиш истаги билан изоҳлайдилар.

Юқорида келтириб ўтилган давлат ва унинг шаклланиши, моҳияти ҳақидаги таълимот ва назариялар, уларнинг тарафдорлари ўз фикрларини исботлашга, изоҳлашга ҳаракат қилганлар.  Давлат мураккаб ижтимоий – сиёсий ҳодиса сифатида узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтган. Давлатнинг вужудга келиш, шаклланиши ва тараққиёти турли даврларда турли ёндашувлар асосида ёритиб келинган. Давлатнинг муҳим хусусиятларидан бири унинг суверенитетга эгалигидир. “Барчамизга маълумки, ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади”.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

Судья катта ёрдамчиси Т.Султанов

Судлар мустақиллиги – адолат мезони

        Ҳар қандай ривожланиб бораётган давлатда мустақил суд ҳокимиятининг ўрни беқиёсдир. Юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг дастлабки йилларидан  ҳар йили давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд мустақиллигини таъминлаш борасида бир қанча қонун ва қонун ости норматив ҳужжжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, амалиётга жорий этиб келинмоқда.

         Жумладан, Юртбошимиз томонидан  2017 йил 7 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”даги иккинчи йўналиш бевосита қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда белгилаб берилган асосий вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

     Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари имзо чеккан 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4096-сон қарори, 2020 йил 24 июлдаги  “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли ҳамда 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларининг қабул қилииши  судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида фикримизнинг исботи десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

        Шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш,  судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш каби бир қатор  ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашни таъминловчи мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.

        Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юртимизда судларнинг ҳамда судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган бундай ҳайрли ишлар ҳозирданоқ ўз самарасини кўрсатмоқда.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг судя ёрдамчиси Тожибаев.А

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва эришилган ижобий натижалар

Ўзбекистон Республикасининг сўнгги йиллардаги ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, асосий хорижий шериклар билан муносабатларни ривожлантириш ва иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш, туркий давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш ва бошқа йўналишлар ҳисобланади.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши – Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўлиб, сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги ташрифлар, идоралараро учрашувлар ва онлайн-мулоқотлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янгича ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик учун ишончли замин яратилди.

Сўнгги вақтларда Марказий Осиёда кўп йиллар давомида гўёки ечими йўқдек туйилган чегара ва сув-энергетика соҳасидаги масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди.

Ташқи сиёсатда асосий хорижий шериклар билан муносабатларни ривожлантириш ва иқтисодий дипломатияни фаол илгари суришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Юқори технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа соҳаларда қатор йирик қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Яқин келажакда Ўзбекистонда хитойлик ҳамкорлар иштирокида сув, электр энергетика, автомобиль ва темирйўл соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича узоқ муддатли дастурни тасдиқлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон Хитойнинг глобал бирлаштирувчи кучга айланган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини амалга ошириш доирасида турли дастурларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Савдо-иқтисодий соҳада динамик ўсиш барча жабҳаларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчи давлат сифатида эътироф этилмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2023 йилда салкам 14 млрд. долларга тенг бўлди.

Ташқи сиёсатдаги асосий хорижий хамкорларимиздан яна бири Россия Федерацияси билан ҳам муносабатларимиз ривожланиб бормоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 26-27 май кунлари Россия Федерацияси президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Мазкур учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Россия ва Ўзбекистон делегациялари Россия Президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида 26 та ҳужжат – келишувлар, меморандумлар ва протоколларни тасдиқлади.

Ташқи сиёсатимизда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришда ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Жаҳон банки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Туркий кенгаш, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамда бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп томонлама ҳамкорлиги фаол давом этмоқда.

2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.

Сўнгги йилларда ташқи сиёсатимизда Туркий давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришда ҳам бир қанча ютуқларга эришилди.

Ўзбекистон объектив омиллар ва параметрлар – тарихий, маданий, тадрижий, географик ва геоиқтисодий жиҳатдан туркий дунёда асосий иштирокчи ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тубдан ўзгарди, инқилобий ташаббуслар илгари сурилиб, муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу Ўзбекистон билан туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни бутунлай янги даражага олиб чиқди.

Туркий давлатлар ташкилоти 2021 йилда янги ном билан фаолият бошлаб, 2022 йил 11 ноябр куни ўзининг илк саммитини Самарқандда ўтказди.

Ўзбекистон — Туркия муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш 2024 йилда ҳам давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан жорий йилнинг 6 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф доирасида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ва Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилди. Музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларация ва 19 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Президентлар илк бор етакчи корхона ва компаниялар раҳбарлари билан қўшма учрашув ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбарии Туркиянинг олий давлат мукофоти – “Туркия Республикаси нишони” билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўламини ошириш, Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларида ҳам ижобий натижаларга эришмоқда.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

бош консультанти Ш.Ўктамов

Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди

Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.

Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимларининг ахлоқи ва одоби, билимлари, истеъдоди, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларини янада ривожлантириш мақсадида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси томонидан 2024 йил 21 февраль куни Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимлари иштирокида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш” режаси тасдиқланди.

Мазкур режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг
7 июнь куни Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья катта ёрдамчиси М.Сарибаева “Маънавий таҳдидлар” мавзуси бўйича маънавий таҳдид, хавф тушунчаси, маънавий таҳдиднинг намоён бўлиш шакллари, замонавий кўринишлари ҳамда мафкуравий профилактика ва унинг ғоявий-мафкуравий жараёнлар тизимида ўрни ҳақида маъруза қилди.

Хусусан, глобаллашув жараёнларида ҳукм сураётган шароит миллий ўзликни сақлаб қолиш муаммолари, миллатнинг маънавий аҳлоқий, этно-маданий ва тарихий қадриятлари бархам топишига қаратилган хавф-хатарлардан бири маънавий таҳдидлар эканлигини айтиб ўтди.

Ўқув-семинар машғулоти жараёнида вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимларига миллий ўз-ўзини англаш ва миллий ғурур тушунчаси, шахс маънавияти категориялари, шахс маънавиятида одоб-ахлоқ тамойиллари, ватанга садоқат, миллий толерантлик бўйича маъруза ўқиб эшиттирилиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Бундан ташқари Сирдарё вилоят маъмурий судларида ҳар ойда ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқиб, асар таҳлили бўйича“Китобхонлик куни” ўтказилиши йўлга қўйилган.

Бундай “Китобхонлик куни” жорий йилнинг 7 июнь куни ҳам бўлиб ўтди.

Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби “Марғилон” давлат мукофоти соҳиби, “Ёш китобхон” танлови Республика босқичи ғолиб, Президент совғаси “Спарк” автомабили совриндори, Гулистон давлат университети координатори Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаева иштирокида “Китобхонлик куни” тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбирда Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаевалар Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романи ҳамда Асқад Мухторнинг “Чинор” романининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, ушбу китобларнинг инсон характерини шакллантиришдаги ўрни юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини бериб ўтишди.

Тадбир якунида Сирдарё вилоят маъмурий судлари ходимлари иштирокида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилиб, танлов ғолиби эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг
судья катта ёрдамчиси М.Сарнибаева

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Шу билан бирга, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадлар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий «овозига» айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.

Унга кўра;

Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати;

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат ва функциялари;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 164 бандан иборат «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, маъқулланди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2024 йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва унда қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутиш тавсия этилсин:

маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш, самарали назорат тизимини шакллантириш; маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатига таклифлар киритиш механизмини белгилаш; маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш; маҳаллий Кенгашлар қарорларини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш; маҳаллий Кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш; маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш; маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, бюрократияга қарши чораларни белгилаш.

Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга хорижий давлатларнинг етакчи экспертларини жалб қилиш ҳамда илғор халқаро тажрибани ўрганиш учун хизмат ва ўқув сафарларини ташкил этиши белгиланди.

Вазирлик ва идораларга бир ой муддатда мазкур Фармонга 3-иловага мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига киритиш, Адлия вазирлиги эса вазирлик ва идоралар таклифлари асосида уч ой муддатда тегишли қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш Бунда, ушбу лойиҳаларнинг жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ҳамда нормаларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан танқидий кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига:

2024 йил 1 июлга қадар маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, вазифалари ва функцияларининг реестрини ишлаб чиқиш ва юритиш;

маҳаллий Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ягона амалиётни жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

Адлия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини тизимли ташкил этиш тавсия этилсин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар:

маҳаллий Кенгашлар биноларининг жорий ҳолатини хатловдан ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқсин;

2024 йил 1 октябрга қадар халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, 2025 йил 1 декабрга қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун белгиланган минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино (ишчи хоналар) билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланди.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси А.Норқўзиев

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишига оид нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг ““Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 24 октябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2023 йил 20 декабрда маъқулланган ва 2024 йил 16 январь куни Президент томонидан имзоланиб,          2024 йил 17 январь куни қонуний кучга кирган.

Ушбу Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилган.

Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:

Жумладан, 10-моддаси биринчи қисмининг 1-бандидаги «давлат бошқаруви органларининг» деган сўзлар «маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг» деган сўзлар билан алмаштирилган.

Қонуннинг 10-моддаси қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилган, яъни маъмурий судларда жисмоний шахслар ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

Қонуннинг ушбу талаби жисмоний шахслар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, ушбу Қонуни 10-моддасининг иккинчи қисми «1» рақамидан кейин «11» рақами билан тўлдирилган, яъни жисмоний шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур Қонунининг иловасидаги 3-бандига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, яъни 3-бандининг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилган, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Ўз навбатида, апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан аризалар (шикоятлар) берилганда тўланиши лозим бўлган ставканинг 50 фоизи белгиланганлиги сабабли жисмоний шахслар апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлар билан мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади ва ишни кўриш натижаси бўйича улардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Хулоса қилиб  айтганда, мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                    С.Рустамов

Маъмурий судларда келишув битими, мазкур битимнинг тузилиши ва ҳуқуқий оқибатлари 

Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда тарафларнинг келишуви муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Сабаби, суд муҳокамаси жараёнида тарафларнинг келишувга эришиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун ҳужжатлари талаблари доирасида ўзаро розилик, манфаатдорлик ва келишув асосида ҳал этилиши ариза берувчи ва жавобгар ҳуқуқларининг нисбатан тез ҳамда самарали таъминланиши билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда суддаги келишув битими тушунчасига, унинг таърифига қисқача тўхталадиган бўлсак.

Ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг эришган ва суд томонидан тасдиқланган ёзма келишуви бу  – келишув битимидир.            

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январдаги ЎРҚ-462-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексида (кейинги ўринларда МСИЮтК) дастлаб келишув битими ҳақида нормалар мавжуд эмас эди.  

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг МСИЮтК га бир қанча муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2023 йил 27 апрелдан амалда бўлган ушбу Қонунда назарда тутилган  қўшимчалардан бирига кўра, маъмурий ишдаги тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК ушбу янги институт қоидаларига бағишланган 151-боб билан тўлдирилиб, унда келишув битимини тузишнинг процессуал тартиби белгиланди.

Мазкур тартибга кўра, маъмурий ишдаги тарафлар (аризачи ва жавобгар) маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Қонун мазмунига кўра, фуқаронинг, юридик шахснинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб ариза тақдим этган давлат органи мансабдор шахси, тарафларнинг вакиллари ёки учинчи шахслар келишув битимини имзолаши мумкин эмас. Яъни, битим аризачи ва жавобгар томонидан шахсан имзоланиши лозим.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрий, ўзаро ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган бўлиши шарт.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейингина тузилган деб ҳисобланади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган асл нусхаларда тузилади ва имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Келишув битими нафақат ўртадаги низони ҳал этиш юзасидан, балки суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам тузилиши мумкин.

Ушбу ҳолат аризачи ва жавобгарга давлат божи, почта хизмати, экспертиза ўтказиш чиқимлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш каби суд харажатларини ўзаро келишув асосида тақсимланишига ҳам имконият яратади.

Келишув битимининг муҳокама этилиши ва тасдиқланиши тартиби суд иштирокчиларини қизиқтириши табиий ҳол бўлганлиги сабабли, бу борада қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.   

Қонунга кўра, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.

Агар келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган бўлса, ушбу битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим. 

Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган аризачи, жавобгар ёки улардан бири  суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.

Келишув битимини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.  

Келишув битими суд томонидан тасдиқланган тақдирда, маъмурий иш бўйича иш юритиш тугатилади. 

Қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослари ҳам белгиланган бўлиб, агар битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, унинг шартлари бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, битимнинг шартлари кўриб чиқилаётган низо предмети билан боғлиқ бўлмаса, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) бўлмаса ёки битим унинг асл мазмунидан ташқаридаги шарт асосида тузилган бўлса, суд бундай битимни тасдиқлашни рад этади.

Қонунда назарда тутилган аҳамиятли жиҳатлардан яна бири шуки, келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажариши лозим.

Агар, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига суд жаримаси солинади.  

     Суд томонидан органларнинг, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, маъмурий судларда низоларни кўриб чиқишда келишув битими институтининг жорий этилиши ишдаги тарафларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қисқа муддатда, самарали ҳимоя қилинишига, фуқаролар ва давлат органларининг судларга бўлган ишончи янада ортишига сабаб бўлади.        

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси  Мирзоҳид Хайдаров

Skip to content