Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги
ЎРҚ-427-сонли Қонунига Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги, Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланиши, Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланишини билан боғлиқ янги таҳрирдаги нормалар киритилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги ЎРҚ-703-сонли Қонунига бир нечта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Қонуннинг 6-моддаси матни янги таҳрирда баён этилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгалиги бўйича норма белгиланди. Қонуннинг 9-моддасида судьялар мустақиллиги, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг

ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши белгиланди.
Қонуннинг 14-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Қонуннинг 79-моддасида суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Сирдарё вилоят маъмурий суди Бош консултанти Ш.Ўктамов
Сирдарё вилоят маъмурий суди судя катта ёрдамчиси Й.Кулдашев