Мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги суд орқали ишончли ҳимоя қилиш кафолатланади

Сўнгги йилларда, Мамлакатимизда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, давлат томонидан ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра, Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз
мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида сўнгги пайтларда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам истисно эмас.
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур Фармонга асосан хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи бир қатор тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилиниши назарда тутилган.
Хусусан, биринчидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш тартиби бекор қилинади ва ушбу ҳужжатлар фақатгина суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Иккинчидан, ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш тартиби бекор қилинади, бунда, фақатгина ер эгаси ёки ер фойдаланувчиси томонидан ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза тақдим этилганда, унинг ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Учинчидан, эндиликда юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди, бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилиши белгиланмоқда.
Тўртинчидан, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб берилмайди, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно.
Бешинчидан, турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш эндиликда талаб этилмайди.
Олтинчидан, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш талаби бекор қилиниши белгиланмоқда.
Еттинчидан, жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида — мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш тартиби бекор қилинади ва ушбу ҳужжатлар фақатгина суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур Фармони қабул қилиниши хусусий мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги суд орқали ишончли ҳимоя қилиш кафолатланади.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси А.Мусурманкулов
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев