Одам савдоси- трансмиллий жиноят

Биламизки, Республикамизда ва бутун дунёда одам савдосига қарши курашиш мақсадида кўплаб қонунлар қабул қилинган, бунга мисол тариқасида, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 154-сонли Қонуни қабул қилинган эди.

Бироқ, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ва эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда, буларнинг барчаси фуқароларнинг эрки, уларнинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқларини кучайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан одам савдосига қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида, 2020 йил
17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 633-сонли Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Қонуни янги таҳрирда қабул қилинишидан мақсад, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини ҳар қандай тажовузларидан ҳимоялашни янада кучайтириш, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Бундан ташқари, бош қомусимиз, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши қатъий белгилаб қўйилган.

Одам савдосига қарши курашиш борасида халқаро майдонда ҳам бир қанча Конвенциялар қабул қилинган.

Бунга мисол, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йил 21 мартда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатга 2003 йил 12 декабрда қўшилган.  

Жумладан, БМТнинг 2000 йил 15 ноябрдаги “Трансмиллий уюшган жиноятчилликка қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенциясининг
25-моддасида, “Ушбу Конвенция иштирокчиси бўлган ҳар бир давлат ўзининг имкониятлари даражасига одам савдосидан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, айниқса, қасд олиш билан қўрқитишдан ҳимоялашга қаратилган ёрдамни бериш мажбуриятини олади. Ҳар бир иштирокчи давлат одам савдосидан зиён кўрганларга товон ундирилиши ва улар кўрган бошқа шаклдаги зарар ўрнини қоплаш бзасидан керакли тартиб-қоидаларни жорий этади” деб белгиланган.

Шунга асосан, 2021 йил 8 февралда “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 60-сонли Қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни  идентификация ва қайта йўналтиришни амалга оширувчи бир қатор давлат органлар ва ташкилотларни вазифалари белгиланган бўлиб, улар ўз ваколатлари доирасида: одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни қабул қилади ва рўйхатга олади ҳамда уларнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, шунингдек, маъмурий жавобгарлик, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунларга мувофиқ кўриб чиқилишини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосига қарши курашишнинг ҳар қандай кўриниши, халқаро ва республикамизда жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина ижобий самара беради.

Зеро, одам савдоси, бир инсон томонидан, бошқа бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайриаҳлоқий равишда камситишдир.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                      М.Кенжаев