Суд тизимидаги ислоҳотлар!

Мамлакатимизда судлов фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Бунга жавобан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги  “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунга асосан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднингмобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Ушбу нормалар орқали агар бирор шахс суд мажлисида шахсан иштирок этиш имкониятига эга бўлмаса (масалан, бошқа шаҳарда ёки қишлоқда бўлса) у видеоконференция орқали судда қатнашиши мумкин. Бу орқали шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича энг яқин суднинг видеоконференция тизимидан ёки суднингўзининг мобиль видеоконференция тизимидан фойдаланиш имкониятининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Бундан ташқари, суд видеоконференция орқали иштирок этаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлигини текширади ва иштирокчиларнинг шахсини аниқлайди. Агар шахс мобиль видеоконференция тизими орқали қатнашаётган бўлса, унинг шахси суд томонидан ахборот технологиялари ёрдамида аниқланади. Бошқача қилиб айтганда, суд бу иштирокчисининг кимлигини тасдиқлаш учун замонавий технологиялар (масалан, юзни таниб олиш ёки бошқа электрон усуллар)дан фойдаланади.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси А.Норқўзиев

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Т.Султонов