Маъмурий судларда келишув битими, мазкур битимнинг тузилиши ва ҳуқуқий оқибатлари 

Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда тарафларнинг келишуви муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Сабаби, суд муҳокамаси жараёнида тарафларнинг келишувга эришиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун ҳужжатлари талаблари доирасида ўзаро розилик, манфаатдорлик ва келишув асосида ҳал этилиши ариза берувчи ва жавобгар ҳуқуқларининг нисбатан тез ҳамда самарали таъминланиши билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда суддаги келишув битими тушунчасига, унинг таърифига қисқача тўхталадиган бўлсак.

Ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг эришган ва суд томонидан тасдиқланган ёзма келишуви бу  – келишув битимидир.            

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январдаги ЎРҚ-462-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексида (кейинги ўринларда МСИЮтК) дастлаб келишув битими ҳақида нормалар мавжуд эмас эди.  

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг МСИЮтК га бир қанча муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2023 йил 27 апрелдан амалда бўлган ушбу Қонунда назарда тутилган  қўшимчалардан бирига кўра, маъмурий ишдаги тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК ушбу янги институт қоидаларига бағишланган 151-боб билан тўлдирилиб, унда келишув битимини тузишнинг процессуал тартиби белгиланди.

Мазкур тартибга кўра, маъмурий ишдаги тарафлар (аризачи ва жавобгар) маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Қонун мазмунига кўра, фуқаронинг, юридик шахснинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб ариза тақдим этган давлат органи мансабдор шахси, тарафларнинг вакиллари ёки учинчи шахслар келишув битимини имзолаши мумкин эмас. Яъни, битим аризачи ва жавобгар томонидан шахсан имзоланиши лозим.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрий, ўзаро ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган бўлиши шарт.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейингина тузилган деб ҳисобланади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган асл нусхаларда тузилади ва имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Келишув битими нафақат ўртадаги низони ҳал этиш юзасидан, балки суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам тузилиши мумкин.

Ушбу ҳолат аризачи ва жавобгарга давлат божи, почта хизмати, экспертиза ўтказиш чиқимлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш каби суд харажатларини ўзаро келишув асосида тақсимланишига ҳам имконият яратади.

Келишув битимининг муҳокама этилиши ва тасдиқланиши тартиби суд иштирокчиларини қизиқтириши табиий ҳол бўлганлиги сабабли, бу борада қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.   

Қонунга кўра, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.

Агар келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган бўлса, ушбу битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим. 

Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган аризачи, жавобгар ёки улардан бири  суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.

Келишув битимини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.  

Келишув битими суд томонидан тасдиқланган тақдирда, маъмурий иш бўйича иш юритиш тугатилади. 

Қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослари ҳам белгиланган бўлиб, агар битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, унинг шартлари бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, битимнинг шартлари кўриб чиқилаётган низо предмети билан боғлиқ бўлмаса, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) бўлмаса ёки битим унинг асл мазмунидан ташқаридаги шарт асосида тузилган бўлса, суд бундай битимни тасдиқлашни рад этади.

Қонунда назарда тутилган аҳамиятли жиҳатлардан яна бири шуки, келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажариши лозим.

Агар, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига суд жаримаси солинади.  

     Суд томонидан органларнинг, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, маъмурий судларда низоларни кўриб чиқишда келишув битими институтининг жорий этилиши ишдаги тарафларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қисқа муддатда, самарали ҳимоя қилинишига, фуқаролар ва давлат органларининг судларга бўлган ишончи янада ортишига сабаб бўлади.        

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси  Мирзоҳид Хайдаров