Зўравонликка қарши ҳуқуқий кафолатлар

Юртимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Президентимиз томонидан 2026 йил 3 март куни “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ–33-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, бу борада суд ҳимоясининг самарали механизмларини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳужжатда эрта никоҳларнинг олдини олиш, бу борада ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин камайтириш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилиб, вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик ёки уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда. Бу эса ота-оналар ва масъул шахсларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб номусга тегиш, жинсий зўравонлик, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, шунингдек вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни прокуратура органлари томонидан амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бу тартиб жиноятларни ўз вақтида фош этиш, далилларни тўлиқ ва холисона ўрганиш ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Фармонда жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш вазифаси ҳам белгиланган. Хусусан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жазо ижроси тартибини янада кучайтириш, уларни психологик тузатиш дастурларидан ўтказиш каби чоралар назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган судьялар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу эса суд муҳокамасининг сифати ва адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бу каби ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мирзоҳид Хайдаров,
Сирдарё вилоят маъмурий суди судьяси








