Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш тартиби такомиллаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида баён этилганидек,
ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, ерларни бериш тартиби такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармони билан бошланган ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 январдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №ПФ-15-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан қуйидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш тартиби ўрнатилди.

Хусусан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилиши, бунда бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланди.

Ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича материалларни тайёрлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар, очиқ электрон танлов учун белгиланган тартибда, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш эса, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилиши назарда тутилган.

Бунда:

ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида, ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса, камида беш йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт, ушбу муддат ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҳисобланади;

юридик шахсларга электрон онлайн аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилади;

ижарага берувчи очиқ электрон танлов натижасига кўра ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бирйўла тўлаши шартлиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганида, мазкур Фармон ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                       С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                        М.Кенжаев

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьялари М.Хайдаров, С.Рустамов ва Н.Абдуллаевлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан Янгиер шаҳар ҳокимлиги биносида давра суҳбати ўтказилди.

Ўтказилган давра суҳбатида, Янгиер шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари ва бошқа ходимлар иштирок этишди.

Давра суҳбати давомида, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил
25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Жумладан, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 28-боб билан тўлдирилганлиги, хусусан, туманлараро маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судларига ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан тафтиш тартибида протест келтирилиши мумкинлиги белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юқорида кўрсатилган шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланганлиги айтиб ўтилди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши, тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ўз навбатида, тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги алоҳида қайд этилган.

Мазкур қонун билан тафтиш инстанцияси томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест)ни қабул қилиш, қабул қилишни рад қилиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ва шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатиш, шунингдек ишни тафтиш инстанцияси судида кўриш тартиби белгиланган тушунтириб ўтилди.

Давра суҳбати давомида йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавобларни олишди.

Сирдарё вилоят маъмурий 

судининг судьяси                                                                                             С.Рустамов

Skip to content