Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш

Бугунги глобаллашув шароитида демократик жамиятни тасаввур қилишда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тушунчалари муҳим ўрин эгаллайди. Жамият тараққиёти, сиёсий барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бевосита ушбу икки институтнинг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Ҳуқуқий давлат фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминласа, фуқаролик жамияти аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширади. Шу боис ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларини чуқур ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Ҳуқуқий давлат тушунчаси – бу давлат ҳокимиятининг қонуни асосида ташкил этиладиган, фаолияти қатъий ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солинган ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этиладиган давлат шаклидир. Ҳуқуқий давлатда қонун фақат фуқаролар учун эмас, балки давлатнинг ўзи учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Ҳуқуқий давлат концепцияси тарихан қадимги мутафаккирлар – Аристотел, Жон Локк, Шарл Монтеске, Иммануил Кант каби олимларнинг асарларида шаклланган. Уларнинг фикрича, давлат ҳокимияти чекланмаган бўлса, у зўравонлик ва адолатсизликка олиб келади. Шу сабабли давлат ҳокимияти қонун билан чекланиши зарур.

Шунингдек, ҳуқуқий давлат қуйидаги асосий тамойилларга таянган ҳолда фаолият юритади:

Қонун устуворлиги – қонун жамият ҳаётининг барча соҳаларида етакчи ўринни эгаллайди. Ҳеч бир шахс ёки ташкилот қонундан устун бўла олмайди.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи – давлат ҳокимияти уч тармоққа қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади. Бу ҳокимиятнинг бир қўлда жамланишининг олдини олади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши – шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги – судлар мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Бу адолатли судловни таъминлашда муҳим омилдир.

Давлат ва шахснинг ўзаро масъулияти – фуқаро қонунларга риоя қилса, давлат унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мажбур.

Фуқаролик жамияти тушунчаси – бу фуқароларнинг давлатдан ташқарида, аммо қонун доирасида ташкил этилган ва ижтимоий манфаатларни ифода этувчи мустақил институтлар тизимидир. Фуқаролик жамиятида шахс эркинлиги, ташаббускорлик ва ўзини ўзи бошқариш муҳим ўрин тутади. Фуқаролик жамияти давлат билан рақобат қилмайди, аксинча, жамият манфаатларини ифода этган ҳолда давлат фаолиятини тўлдиради ва назорат қилади. Бундай жамиятда фуқаролар ўз муаммоларини ҳал этишда фаоллик кўрсатади.

Шунингдек, фуқаролик жамияти қуйидаги институтлар орқали намоён бўлади:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • сиёсий партиялар ва ҳаракатлар;
  • касаба уюшмалари;
  • оммавий ахборот воситалари;
  • маҳалла ва бошқа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари.

Мазкур институтлар жамиятда ижтимоий мувозанатни таъминлаш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқий давлат фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий шарт-шароит яратади. Фуқаролик жамияти эса давлат ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Агар фуқаролик жамияти ривожланмаган бўлса, ҳуқуқий давлат фақат қоғозда қолиб кетиши мумкин. Шу боис уларнинг параллель ривожланиши муҳим ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда бир қатор муаммолар мавжуд, булар аҳолини ҳуқуқий саводхонлигининг юқори эмаслиги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги етарли эмаслиги, жамоатчилик назоратининг сустлиги ва бошқалар. Бу муаммолар жамиятда адолат ва қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилади.

Шунингдек, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун қуйидаги чора-тадбирлар муҳим саналади:

  • ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш;
  • ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш;
  • фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш;
  • давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
  • оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини кенгайтириш.

Бу чора-тадбирлар жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жамиятнинг барқарор тараққиёти ва демократик ривожланишининг муҳим омилидир. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг фаоллигини ошириш орқали адолатли ҳамда кучли жамият барпо этиш мумкин. Ҳар бир фуқаро ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида фаол иштирок этиши зарур.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

А.Норқўзиев