Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашгадоир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг I-қисмида белгиланган 7 та мақсаднинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт- шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган «Рақамли суд» – одил судловнинг янги босқичи.
1. Суд ишларини қоғоздан рақамли шаклга ўтказиш
Энди суд жараёнларида қоғоз ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечилади. Барча ишларни тўлиқ электрон тарзда юритиш орқали вақт ва ресурслар тежалади, жараёнлар янада тезкор ва қулай бўлади.
2. Электрон хизматлар сонини ошириш
Аҳоли ва тадбиркорлар суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан онлайн танишиш, ариза судга тааллуқлилигини текшириш ва ҳатто сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентлар бўйича очиқ электрон реестр юритилади.
3. Сунъий интеллект ва техник инфратузилма
Суд тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник база яратилади. Бу эса одил судловни янада самарали ва замонавий ташкил қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади.
4. Суд ҳужжатлари электрон архиви
Олий суд ахборот тизими асосида махсус электрон архив модули ишлаб чиқилади. Бу орқали ҳар қандай суд ҳужжати электрон равишда хавфсиз сақланади ва исталган вақтда топиб олиш мумкин бўлади.
5. Кибер ҳуқуқ ва судьялар малакаси
Судлар фаолиятини рақамлаштириш соҳасида “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борилади. Судьялар ва суд аппарати ходимлари доимий равишда рақамли саводхонлик ва малакасини ошириб бориши таъминланади.
6. Иқтисодий судлар фаолиятини самарали ташкил қилиш
Иқтисодий судлар тузилмаси оптималлаштирилиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги оширилади. Бу эса ягона суд амалиётини шакллантириш ва барқарор одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
7. Замонавий суд мажлиси заллари
“Рақамли суд” концепцияси асосида замонавий суд мажлиси заллари босқичма-босқич ташкил этилади. Судьялар ва суд ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Гулистон туманлараро
маъмурий судининг судьяси А.Ганиев
Гулистон туманлараро маъмурий
судининг судья ёрдамчиси И.Ҳабибуллаев