“Янги Ўзбекистон”да Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси амалда

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди.

Миллий стратегиясида, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш йўналишлари, шунингдек, кутилаётган натижалар белгилаб берилди.

Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Миллий стратегиянинг асосий вазифалар сифатида:

– мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;

– 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;

– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;

– шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;

– жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;

– аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;

– дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;

– оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;

– инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;

– таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;

– давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;

– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби белиглаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратилиши, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичларини яхшилаш учун замин яратади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья                                                                     А.Мусурманкулов

Сирдарё вилоят маъмурий судининг

судья катта ёрдамчиси                                                       М.Кенжаев