Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди.
Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам “халқ овози” бўлмиш маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилди, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 02 февраль куни ПФ-28-сонли фармони қабул қилиниб, маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилишга, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган фазифалар белгилаб олинди.
Ушбу фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилди.
Унга кўра, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашларга ўтказилмоқда.
Ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси ҳудудда, давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклиги, Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёки унга бевосита таъсир кўрсатувчи корхона ва иншоотлар қуриладиган жойлар, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойлар, Маҳаллий аҳамиятга молик бўлган курорт табиий ҳудудлар, рекреация зоналари, ботаника ва дендрология боғлари, табиат боғлари ҳам фақатгина Кенгашлар розилиги билан ташкил этилади ёки тугатилади.
Шунингдек, шаҳар йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташиш тарифлари ва фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар Кенгаш қарори билан жорий этилади.
Шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш, янги йўналишлар очиш, бекатлар, тўхтаб туриш ва диспетчерлик манзилларини жойлаштириш ерлари Кенгаш билан келишилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига, табиий объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номларини ўзгартириш бўйича таклифлар бевосита маҳаллий Кенгашлар томонидан киритилиши, айрим тоифадаги шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар сирасига киритиш маҳаллий Кенгашлар қарори билан амалга оширилади.
Бундан ташқари, аҳоли пунктларининг ҳудудий зоналари тоифаларига маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ўзгартириш киритиш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифларни тасдиқлаш кабилар ҳам Кенгашлар томонидан амалга оширилиши узил-кесил ҳал этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу каби ваколатларнинг эгаси этиб маҳаллий Кенгашларнинг белгиланиши жамият ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларни аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда халқ вакиллари томонидан ҳал қилиш имконини беради.
Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши Кенгашларни жойлардаги аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширишга, маҳаллий давлат ҳокимияти даражасида бир-бирини тийиб турувчи механизмлар самарали ишлашига хизмат қилади.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси А.Норқўзиев
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчисиТ.Султанов