Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилади

Бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарори билан маъмурий судлар фаолиятига қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш каби тартиблар жорий этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, қарорга асосан ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгиланди.

Қарор иловаси билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ва Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби тасдиқланди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилиши келгусида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни қўшимча равишда кучайтиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

раиси Т.Қодирқулов

Сирдарё вилоят маъмурий суди бош консультанти Ш.Ўктамов