ТЕРГОВ СУДЬЯСИ — БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ

            Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

             Жумладан, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони судьялар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.

          Мазкур фармонда қайд этилганлигидек,  2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилиб,  жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тергов судьяси лавозими киритилади. Шу ўринда “тергов судьяси қандай ваколатларга эга?” деган савол туғилиши шубҳасиз. Муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармонига мувофиқ тергов судьяси қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан, санкцияларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади.

        Тергов судьясига жиноят материалларини,  бир қатор қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди. Шунингдек, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати берилади. Бундан ташқари, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади ва тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

         Тергов судьяси ўз фаолиятини қонунда белгиланган тартибда мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиб, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

        Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур фармонга асосан киритилаётган янги ўзгартиришлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириб, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний ва адолатли қарор қабул қилишларини таъминлаш ва барча иштирок этувчи томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси                 Алиакбар Бўриев