“Тараққиёт стратегияси”да белгиланган мақсадлар мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади

Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси  ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланди.

Тараққиёт ва юксак ривожланишга эришган давлатлар тажрибасига кўра, ҳар бир халқ ўз олдига улуғ ва истиқбол мақсадларни қўйиши ҳамда уни амалга ошириш салоҳиятлари билан жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайди. Бугун Ўзбекистон ҳам ўз тарихининг ана шундай масъулиятли чорраҳасида турибди, десак, муболаға бўлмайди.

Стратегия — бу таълимотни излаш, ифодалаш ва ривожлантириш тизими бўлиб, у изчиллик билан ва тўлиқ амалга оширилганда узоқ муддатли муваффақиятни таъминлайди.

Тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қуйидаги еттита устувор йўналишни қамраб олади:

– инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

– мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

– миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;

– адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

– маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;

– миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;

– мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида 100 та мақсад, ушбу мақсадларга эришиш учун мазкур йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбирлар белгиланган.

Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор, муҳим ва долзарб йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур йўналиш ўз ичига 8 та мақсадни қамраб олган.

Хусусан, биринчидан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш ва хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш ҳамда хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш.

Иккинчидан, қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;

Маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, ушбу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш;

Фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш тизимини янада соддалаштириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, ушбу йўналишда бошланган ислоҳотларни якунига етказиш;

Жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ва ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш;

Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш.

Учинчидан, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш ҳамда “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;

Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш ва суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш ва Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш.

Тўртинчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шу жумладан замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш амалиётидан воз кечиш ҳамда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш.

Бешинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш ҳамда қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда “Қонун — устувор, жазо — муқаррар” тамойилини бош мезонга айлантириш.

Олтинчидан, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг муқобил, шу жумладан суддан ташқари усулларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш ва айрим функцияларни (суд ҳужжатларидан ташқари) хусусий секторга ўтказиш, давлат ижрочилари иш юкламасини камайтириш.

Еттинчидан, адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш ва Адвокатура институтини тўлақонли ўз ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш ҳамда Адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш.

Саккизинчидан, фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш;

Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишдан иборатдир.

 

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                М.Кенжаев