Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди
Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимларининг ахлоқи ва одоби, билимлари, истеъдоди, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларини янада ривожлантириш мақсадида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси томонидан 2024 йил 21 февраль куни Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимлари иштирокида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш” режаси тасдиқланди.
Мазкур режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг
7 июнь куни Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья катта ёрдамчиси М.Сарибаева “Маънавий таҳдидлар” мавзуси бўйича маънавий таҳдид, хавф тушунчаси, маънавий таҳдиднинг намоён бўлиш шакллари, замонавий кўринишлари ҳамда мафкуравий профилактика ва унинг ғоявий-мафкуравий жараёнлар тизимида ўрни ҳақида маъруза қилди.
Хусусан, глобаллашув жараёнларида ҳукм сураётган шароит миллий ўзликни сақлаб қолиш муаммолари, миллатнинг маънавий аҳлоқий, этно-маданий ва тарихий қадриятлари бархам топишига қаратилган хавф-хатарлардан бири маънавий таҳдидлар эканлигини айтиб ўтди.
Ўқув-семинар машғулоти жараёнида вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимларига миллий ўз-ўзини англаш ва миллий ғурур тушунчаси, шахс маънавияти категориялари, шахс маънавиятида одоб-ахлоқ тамойиллари, ватанга садоқат, миллий толерантлик бўйича маъруза ўқиб эшиттирилиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Бундан ташқари Сирдарё вилоят маъмурий судларида ҳар ойда ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқиб, асар таҳлили бўйича“Китобхонлик куни” ўтказилиши йўлга қўйилган.
Бундай “Китобхонлик куни” жорий йилнинг 7 июнь куни ҳам бўлиб ўтди.
Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби “Марғилон” давлат мукофоти соҳиби, “Ёш китобхон” танлови Республика босқичи ғолиб, Президент совғаси “Спарк” автомабили совриндори, Гулистон давлат университети координатори Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаева иштирокида “Китобхонлик куни” тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирда Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаевалар Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романи ҳамда Асқад Мухторнинг “Чинор” романининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, ушбу китобларнинг инсон характерини шакллантиришдаги ўрни юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини бериб ўтишди.
Тадбир якунида Сирдарё вилоят маъмурий судлари ходимлари иштирокида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилиб, танлов ғолиби эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилоят маъмурий судининг
судья катта ёрдамчиси М.Сарнибаева