Маъмурий судлар фаолияти самарадорлиги оширилмоқда
Маъмурий судлар – Ўзбекистон Республикаси суд тизимида энг “ёш” ихтисослик тури. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
21 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сон Фармони давлатимиз суд ҳокимияти фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилишига замин яратган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Бинобарин, ушбу ҳужжат асосида илк бор судьялар мустақиллигини таъминлаш масаласида катта вазифалар юклатилган, судьялар корпусини шакллантиришни зиммасига олган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига асос солинди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, хўжалик судлари иқтисодий судларга ўзгартирилиб, илк бор туманлар кесимида ҳам фаолият юритиши белгиланди, амалдаги суд мажлиси котиби лавозими тугатилиб, судларнинг тузилмаларига судья катта ёрдамчиси, ёрдамчиси лавозимлари киритилди. Фармоннинг яна бир алоҳида аҳамиятга эга жиҳати эса айни шу ҳужжат асосида илк бор маъмурий судлар ташкил этилиб, суд тизимида суд ихтисослигининг сони биттага кўпайди. Ташкил этилганига саккиз йилдан ошган, бугунги вақтга қадар фуқаролик, жиноят, иқтисодий суд ихтисосликлари қаторида маъмурий судлар ҳам қонунчилик доирасида белгиланган иш тоифалари билан боғлиқ низоларни суд йўли билан ҳал этишда самарадорлик кўрсатаётгани Президентимиз ташаббуси асосида ташкил этилган ушбу ихтисослик амалда ўзини тўлиқ оқлаганини кўрсатмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган. Миллий қонунчилигимизга асосан маъмурий судлар давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоятлар ва аризалар бўйича маъмурий низоларни кўриб чиқади. Мамлакатимизда маъмурий иш юритишнинг процессуал механизмларини ижтимоий муносабатлар ривожланиш жараёнида замон талаблари асосида такомиллаштириш, демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, жаҳоннинг аксарият давлатларида ҳам маъмурий тизимда амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — оммавий бошқарув тизимининг шаффофлиги ҳамда маъмурий ва суд тартиб-таомилларини такомиллаштиришдан иборатдир. Умуман олганда, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган махсус судлар ҳисобланади.
Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси асосида айтиш мумкинки, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомил ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланади.
Шу сабабли, маъмурий-ҳуқуқий институтлар зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, улар ўртасидаги мувозанат тамойилига амал қилиш вазифаси юклатилган. Бу масалада юзага келган ва келиши мумкин бўлган низоларни ўз вақтида ва адолатли ҳал этиш ушбу органлар фаолиятининг самарали ишлаши ҳамда уларга нисбатан фуқаролар ишончини ҳам белгилаб беради.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида судлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда бу ҳужжатларда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришга доир янгиликлар ҳам ўрин олган эди.
Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2022 йил
28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ва 2023 йил
11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида”ги Фармонларида маъмурий судлар ҳам ҳаётнинг талаб ва эҳтиёжлари, шунингдек, миллий ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда доимий равишда такомиллаштириб борилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 30 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сон қарори қабул қилинди. Қарорнинг асосий мазмун-моҳиятига эътибор қаратилса, унда маъмурий судлар фаолияти таъсирчанлигини ошириш, судлар фаолиятида янги механизмларни жорий этиш масалалари илгари сурилган.
Хусусан, қарорда маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани таъкидлаб ўтилган. Ушбу тамойил ҳамда тартибнинг алоҳида муҳим томонлари мавжудлигини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида ҳам маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилган эди. Бу мақсадни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланган бўлиб, унга кўра қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартиби — «суднинг фаол иштироки» тамойилини жорий этиш белгиланган эди. Бу тартиб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига маъмурий суд орқали ҳимояланишнинг янги тартибини белгилайди. Унга кўра, агар мансабдор шахс томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатдан фуқаро ёки тадбиркорлик субъектининг норози бўлиб маъмурий судга берган аризаси шу ҳужжатни қабул қилган мансабдор шахс тушунтиришлари, далиллари асосида мазкур маъмурий ҳужжатнинг қонуний эканлигини исботлаш мажбуриятини юклайди. Бунинг муҳим томони шундаки, маъмурий ҳужжатни қабул қилаётган мансабдор шахснинг масъулияти ҳужжат юзасидан маъмурий судларга берилиши мумкин бўлган шикоят ҳисобига ни икки карра ошади. Ўз ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ҳуқуқий оқибатини, судда бу бўйича мажбурияти мавжудлигини хис қилган ҳолда маъмурий ҳужжатни қабул қилиши, албатта бу турдаги ҳужжатларнинг қонунийлик масаласидаги “сифати”ни оширишга хизмат қилади. Қарор натижасида эса юқоридаги тартибга қўшимча равишда маъмурий судларга далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани тамойил механизмлари янада мустаҳкамланганидан дарак беради.
Қарорда давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати мавжуд эканлиги қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 16-моддасида “Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи” ҳақида норма белгиланган бўлиб, унга асосан виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак. Ушбу нормада манфаатдор шахс деганда ўзига ёки мурожаатига нисбатан маъмурий ҳужжат қабул қилинган фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти тушунилиши мумкин. Қарорда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини алоҳида белгилаш назарда тутилди. Бу эса мазкур принципнинг асосий процессуал ҳужжатда ўз аксини топишига хизмат қилади.

Қарор асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинганини ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш, маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш шулар жумласидандир.
Қарор билан маъмурий суд ишларини кўриб чиқиш жараёнига оид яна бир муҳим норма белгиланмоқда. Эндиликда қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этиши таъминланади. Бунда давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланади. Давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилади, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин. Мазкур талабнинг қатъий бажарилиши учун шундай норма белгиландики, агар давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилади. Ушбу тартибнинг жорий этилиши фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти томонидан маъмурий ҳужжат устидан берилган аризани ушбу ҳужжатни қабул қилган мансабдор шахс ёки унинг вакили иштирокида ҳар томонлама ўрганиш, тушунтиришларни алоқадор шахсларнинг шахсан ўзидан олиш орқали судья томонидан мавжуд ҳолат аниқланиши мумкин. Бу эса маъмурий судлар томонидан адолатли ва асосли якуний суд ҳужжати қабул қилинишида хизмат қилади.
Қарорда маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш назарда тутилди. Дастлабки эшитув институтининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонун бузилишларининг олдини олиб, маъмурий ишни очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдир. Мазкур тартиб бўйича кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдирилмасдан аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади, талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар, аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо (талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар) берилади. Бу эса оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққан низони тўлақонли ва ҳар томонлама кўриб чиқиш имкониятини беради.
Юқорида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сон қарорида жорий этилиши белгиланган энг муҳим янгиликлар, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги механизм ва тартиблар таҳлил этилди. Қарорнинг яна бир нечта тартибларни белгиловчи нормалари мавжудки, улар маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарздорлиги масалаларини маъмурий суд томонидан кўриб чиқиш билан боғлиқ янги тартибларни ҳам белгилаб, амалиётдаги мавжуд очиқ саволларга жавоб беради. Хусусан, фуқаролик ҳамда иқтисодий судлар томонидан ўз ваколатлари доирасида низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ваколат мавжуд эканлигидан келиб чиқиб, ушбу ваколатни маъмурий судларга ҳам бериш, бунда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиш натижасида шу суд мажлисининг ўзида маъмурий суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ваколат Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга киритилиши зарур. Зеро, ушбу ваколат маъмурий судлар фаолияти таъсирчанлиги ҳамда ишда иштирок этаётган шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси суд тизимида давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоятлар ва аризалар бўйича маъмурий низоларни кўриб ҳал этаётган маъмурий судлар фаолияти янги босқичга олиб чиқади. Қарорнинг аҳамияти, биринчи галда, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бораётган ушбу даврда, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқликка йўл қўймасликка қаратилган. Ўтган даврда суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган мазкур ҳужжатда бир қатор ижобий янгиликларнинг ҳуқуқий пойдевори мавжудигини қайд этиш зарур.
Сирдарё вилоят маъмурий суди судяси С.Суванов