Маъмурий судларда келишув битими, мазкур битимнинг тузилиши ва ҳуқуқий оқибатлари 

Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда тарафларнинг келишуви муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Сабаби, суд муҳокамаси жараёнида тарафларнинг келишувга эришиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун ҳужжатлари талаблари доирасида ўзаро розилик, манфаатдорлик ва келишув асосида ҳал этилиши ариза берувчи ва жавобгар ҳуқуқларининг нисбатан тез ҳамда самарали таъминланиши билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда суддаги келишув битими тушунчасига, унинг таърифига қисқача тўхталадиган бўлсак.

Ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг эришган ва суд томонидан тасдиқланган ёзма келишуви бу  – келишув битимидир.            

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январдаги ЎРҚ-462-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексида (кейинги ўринларда МСИЮтК) дастлаб келишув битими ҳақида нормалар мавжуд эмас эди.  

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг МСИЮтК га бир қанча муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2023 йил 27 апрелдан амалда бўлган ушбу Қонунда назарда тутилган  қўшимчалардан бирига кўра, маъмурий ишдаги тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК ушбу янги институт қоидаларига бағишланган 151-боб билан тўлдирилиб, унда келишув битимини тузишнинг процессуал тартиби белгиланди.

Мазкур тартибга кўра, маъмурий ишдаги тарафлар (аризачи ва жавобгар) маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Қонун мазмунига кўра, фуқаронинг, юридик шахснинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб ариза тақдим этган давлат органи мансабдор шахси, тарафларнинг вакиллари ёки учинчи шахслар келишув битимини имзолаши мумкин эмас. Яъни, битим аризачи ва жавобгар томонидан шахсан имзоланиши лозим.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрий, ўзаро ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган бўлиши шарт.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейингина тузилган деб ҳисобланади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган асл нусхаларда тузилади ва имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Келишув битими нафақат ўртадаги низони ҳал этиш юзасидан, балки суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам тузилиши мумкин.

Ушбу ҳолат аризачи ва жавобгарга давлат божи, почта хизмати, экспертиза ўтказиш чиқимлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш каби суд харажатларини ўзаро келишув асосида тақсимланишига ҳам имконият яратади.

Келишув битимининг муҳокама этилиши ва тасдиқланиши тартиби суд иштирокчиларини қизиқтириши табиий ҳол бўлганлиги сабабли, бу борада қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.   

Қонунга кўра, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.

Агар келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган бўлса, ушбу битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим. 

Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган аризачи, жавобгар ёки улардан бири  суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.

Келишув битимини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.  

Келишув битими суд томонидан тасдиқланган тақдирда, маъмурий иш бўйича иш юритиш тугатилади. 

Қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослари ҳам белгиланган бўлиб, агар битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, унинг шартлари бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, битимнинг шартлари кўриб чиқилаётган низо предмети билан боғлиқ бўлмаса, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) бўлмаса ёки битим унинг асл мазмунидан ташқаридаги шарт асосида тузилган бўлса, суд бундай битимни тасдиқлашни рад этади.

Қонунда назарда тутилган аҳамиятли жиҳатлардан яна бири шуки, келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажариши лозим.

Агар, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига суд жаримаси солинади.  

     Суд томонидан органларнинг, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, маъмурий судларда низоларни кўриб чиқишда келишув битими институтининг жорий этилиши ишдаги тарафларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қисқа муддатда, самарали ҳимоя қилинишига, фуқаролар ва давлат органларининг судларга бўлган ишончи янада ортишига сабаб бўлади.        

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси  Мирзоҳид Хайдаров

Маъмурий судларда мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималарининг қўлланилиши 

Суд ҳужжатларининг таъсири ва самарадорлиги шубҳасиз уларнинг ижроси ўз вақтида ҳамда тўла таъминланиши билан боғлиқ.

Суд ҳужжати талабининг ўз вақтида ижро этилиши шахсларнинг ҳуқуқлари тикланишига, қонуний манфаатлари ҳимояланишига олиб келади.   

Шу боис, амалдаги қонунчиликда суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган муайян тартиблар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминланамаганлик учун қатъий чоралар назарда тутилган.  

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига (кейинги ўринларда МСИЮтК) бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК нинг                 122-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ,  маъмурий суд ҳужжатлари ижросини таъминламаганлик учун суд жарималари белгилаш тартиби янада такомиллаштирилди. 

Тартибга кўра, маъмурий суднинг суд ҳужжати ижро этилмаганда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солиниши мумкин.

     Бироқ, қонунда маъмурий судларга мансабдор шахсларга нисбатан кўпайтирилган миқдорда суд жарималари солиш ҳуқуқини назарда тутувчи қоидалар ҳам белгиланди.  

Хусусан, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига дастлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади.

Мақолада ёритилаётган масала бўйича ўрнатилган асосий янгиликлардан бири шундаки, суд томонидан солинган жаримадан сўнг ҳам маъмурий суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, мансабдор шахсга дастлабки жариманинг ўн баравари миқдорида, яъни кўпайтирилган суд жаримаси солинади.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилмаган тақдирда эса, санаб ўтилган шахсларга тўғридан-тўғри кўпайтирилган миқдордаги суд жаримаси солинади.

Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар мансабдор шахсларининг суд қарори ижросини таъминлашга оид масъулиятини янада ошириш мақсадида, солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.

Суд жарималари тўлиғича республика бюджети даромадига йўналтирилади.

Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масала суд мажлисида иштирок этаётган шахсга нисбатан кўрилаётган бўлса, шу суд мажлисининг ўзида  ҳал этилади.

Суд мажлисида иштирок этмаётган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала унинг иштирокини таъминлаш ва тушунтиришларини эшитиш мақсадида мақсадида бошқа суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга ва ижро органига юборилади.

Қонунчиликда белгиланган мазкур қоидалар суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида ва тўла таъминлаш орқали шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг қонунга зид бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан жабрланишини олдини олиш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси  Мирзоҳид Хайдаров

Вилоят маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси  Йўлдош Қўлдошев  

Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйичаўқув-семинар машғулоти ўтказилди

Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимларининг ахлоқи ва одоби, билимлари, истеъдоди, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларини янада ривожлантириш мақсадида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси томонидан 2024 йил 21 февраль куни “Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимлари иштирокида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш” режаси тасдиқланди.

Мазкур режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 май куни Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида “Миллий ғурур ва ватанга садоват тушунчаси” мавзусида ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.

Ўқув-семинар машғулоти жараёнида вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимларига миллий ўз-ўзини англаш ва миллий ғурур тушунчаси, шахс маънавияти категориялари, шахс маънавиятида одоб-ахлоқ тамойиллари, ватанга садоқат, миллий толерантлик бўйича маъруза ўқиб эшиттирилиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Сирдарё вилоят маъмурий

суди

Сирдарё вилоят маъмурий судларида судьялар ва суд ходимлари иштирокида 2024 йил 26 апрель куни “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўтиладиган режа бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.

Ўтказилган ўқув-семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судьялари ва суд ходимлари иштирок этишди.

Ўқув-семинари машғулоти давомида, вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Т.Султанов “Маънавий баркамол инсон тушунчаси, комиликка эришиш мезонлари” мавзуси бўйича маънавий баркамол инсон тушунчаси, шахс комиллигига эришишнинг актуал муаммолари, комил инсон ва унинг фазилатлари шунингдек ғарб ва шарқ алломалари маънавий меросида комилликка эришиш муаммолариҳақида семинар иштирокичларига тушунтириш бериб ўтди.

Хусусан, юксак даражадаги маънавиятга эга инсон – фидойилик, жасорат, мардлик, ўз халқини севиш, Ватанни қадрлаш, аждодларидан фахрланиш каби олижаноб фазилатлари билан ажралиб туриш, инсоннинг инсонлиги, биринчи навбатда унинг маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баркамоллиги, поклиги билан белгиланиши шунингдек, ота-онаси, фарзандлари, қариндошлари, хуллас бутун оила аъзолари, қўниқўшнилари, маҳалла кўйи, қишлоқдошлари ва бутун мамлакат халқ фаровонлиги ҳақида қайғуриш, теварак-атрофдаги инсонлар унга керак бўлганлиги сингари, ўзи ҳам уларга керакли бўлишга интилиши, одоб аҳлоқи, феъл-атворини ёқимли қилишини инсоний бурч эканлигини таъкидлаб ўтди.

Семинар давомида, инсон моҳиятини фалсафий-маънавий жиҳатдан таҳлил қилишда шахс тушунчасини ҳақида тўхтатилиб ўтиб, Шахс -маданийлашган жонзот, ижтимоий-тарихий тажрибага эга бўлган муайян давр авлодининг вакили, инсонлараро муносабатлар субъекти, маданийлашган, онг, ақл орқали фаолиятини бошқариш имкониятига эга бўлган, ижтимоий-тарихий анъана, турмуш тарзи ва тажрибага асосланган муайян авлоднинг вакили эканлигини айтиб ўтди.

Семинар машғулоти давомида семинар иштирокчилари маънавий баркамол инсон тушунчаси, комиликка эришиш мезонлари мавзуси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавобларни олишди.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                   Т.Султанов

Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чораги давомида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари таҳлили юзасидан маълумот.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2024 йил биринчи чораги давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди.                                                                       

Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида биринчи инстанция судида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 58 таси ёки 43.9 фоизини маъмурий органлар ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.          Шундан, вилоят ҳудудидаги давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини 11 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Жумладан, Сирдарё туман ҳокимининг 4 та, Гулистон туман ҳокимининг 2 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 1 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 1 та хамда Боёвут туман ҳокимининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.                                                                                                   

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича 2024 йил биринчи чорагида 9 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 16 таси ёки 24,3 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.                                                                                

Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.          

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига 2024 йил биринчи чорагида 1 та хусусий ажрим чиқарилган.    

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.

“Янги Ўзбекистон”да Инсон ҳуқуқлари

бўйича миллий стратегияси амалда

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди.

Миллий стратегиясида, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш йўналишлари, шунингдек, кутилаётган натижалар белгилаб берилди.

Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Миллий стратегиянинг асосий вазифалар сифатида:

– мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;

– 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;

– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;

– шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;

– жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;

– аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;

– дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;

– оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;

– инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;

– таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;

– давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;

– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби белиглаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратилиши, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичларини яхшилаш учун замин яратади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                        С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                        М.Кенжаев

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги

“Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги

ЎРҚ-889-сонли Қонунининг мазмун ва моҳияти

Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил          16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун 2023 йил 26 декабрь куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, маъмурий судлар қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

Қонун асосида 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, ўз навбатида, судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишларни Олий суд Раёсатида тафтиш тартибида кўриб чиқиш жорий этилди.

Аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, қонун билан апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва улар томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш назарда тутилди.

Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди.

Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.

Олий суд Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.

Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Олий суд Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди, протест келтирилмайди.

Юқоридагилардан англаш мумкинки, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, суд юкламаларини мувофиқлаштириш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси А.Норқўзиев

Судья катта ёрдамчиси Т.Султанов

 Сирдарё вилоят маъмурий судининг бошконсультанти С.Одилов

Сирдарё вилоят маъмурий судида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда суд фахрийлари иштирокида 2024 йил 19 март куни “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.

Сирдарё вилоят маъмурий судида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда суд фахрийлари иштирокида 2024 йил 19 март куни “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.

Жумладан, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактабининг ўқитувчи ва ўқувчиларидан иборат ташкил этилган бадиий жамоа томонидан миллий чолғу асбоблари билан қўшиқлар ижро этилиб, иштирокчиларга жонли концерт дастури тақдим этилди.

Шунингдек, байрам тадбирига суд фахрийлари таклиф этилиб, улар уюштирилган жонли концерт дастурида иштирок этишди ҳамда уларга эсдалик совғалари тақдим этилди. Суд фахрийларига атаб алоҳида байрам дастурхони ташкил этилди.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг суд ходимлари томонидан турли хилдаги баҳорий таомлар тайёрланиб, байрам дастурхони ташкил этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг IV-йўналиши ҳисобланган “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”да белгилаб қўйилган суд – ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

Аниқроқ қилиб айтганда, стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қаралганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шарт-шароит яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсизлик ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

Мазкур стратегиянинг 4-йўналиш 2-бандида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”да қуйидагилар, яъни: 1. Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш: 2. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш. 3. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш. 4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш. 5. Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш. 6. Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш, белгилаб ўтилган.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ф.Ахматкулов

Skip to content