Маълумки, бугун муҳим сиёсий воқелик – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар олдида турибмиз. Шу маънода айтганда, ҳамюртларимизнинг сайловга оид билимларини мустаҳкамлаш биз судьялар зиммасига ҳам масъулият юклайди


Таъкидлаш жоизки, Маъмурий
жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида сайлов қонунчилигини
бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Буни сайловчиларимиз
яхши билишлари лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексининг 51-2 – 51-9 – моддаларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш
соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ўз аксини топган. Масалан, кодекснинг
51-2-моддасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг
фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш
бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.Кодекснинг 51-3-моддасига мувофиқ
эса Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорларини ижро
этмаслик, ушбу комиссияларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий
равишда рад этиш ёки кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш мансабдор
шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда
жарима билан жазоланади.

Яна бир ҳуқуқбузарлик –номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли
вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун кодекснинг 51-4-моддасида маъмурий
жавобгарлик чоралари қайд этилган. Яъни бундай ҳолат мансабдор шахсларга
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдордаги жарима
жазосини юзага келтиради.Шунингдек, кодекснинг 51-4 – 51-9
– моддаларига кўра, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини
номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш,
сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида
атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, айни
жараёнда ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки
уларга қасддан шикаст етказиш, биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга
жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга
тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки
уларга қасддан шикаст етказиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш ҳамда
жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини,
шунингдек сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш)
тартибини бузиш учун маъмурий жарима жазолари қўлланилади.Жиноят кодексининг 146-моддасида
сайлов ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар
ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор
гуруҳлар ёки сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини
бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта
ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий
жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, бундай қилмиш базавий ҳисоблаш
миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача
мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч
йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан
жазоланади.

Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси А.Х.Кудратов

Сирдарё вилоят маъмурий судларида Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари билан боғлиқ ишларнинг кўрилишида суд амалиётида юзага келаётган муаммоларнинг таҳлили юзасидан семинар машғулоти ўтказилди

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларида судьялар ва суд ходимлари иштирокида давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорлари қабул қилишда, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)да қонунийликни таъминлашнинг (айрим) муаммоларини ўрганиш юзасидан ўтказиладиган семинар машғулоти режаси тасдиқланган.

Мазкур режага асосан 2024 йил 30 август куни Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари масъул шахсларининг қарорлар қабул қилишда, ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) қонунийликни таъминлашнинг айрим муаммолари юзасидан навбатдаги семинар машғулоти ўтказилди.

Ўтказилган семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд аппарати ходимлари ва Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи З.Кличев ҳамда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ўринбосари Ф.Бабатаев ва бошқарма ходимлари, шунингдек, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари иштирок этишди.

Семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев, Сирдарё вилоят маъмурий судларида Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг жавобгарлигида кўрилган ишлар бўйича низоларни келиб чиқиш сабаблари ва ушбу низоларни келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қилинадиган ишлар бўйича маъруза қилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида, мазкур инзоларни бартараф этиш бўйича Сирдарё вилоят маъмурий суди раиси Т.Қодирқулов, Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи З.Кличев, Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ўринбосари Ф.Бабатаев ҳамда вилоят маъмурий судларининг судьялар ва Мажбурий ижро бюроси бошқармаси ходимлари ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, тадбир якунида Сирдарё вилоят маъмурий судлари ва Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари билан боғлиқ ҳамкорликни давом эттириш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишга келишиб олинди.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун моҳияти мавзусида.

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунида кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шунингдек бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг

судьяси А.Ганиев ва судья ёрдамчиси М.Босимов.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2024 йил 21 августдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги 167-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш давомида вилоят маъмурий суди биноси ҳудуди, ён-атрофи ва ҳовлиси бегона ўтлардан тозаланди, кўп йиллик гул кўчатлари экилди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, дарахтларга шакл берилди, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишлар амалга оширилди, ободонлаштириш жараёнида тўпланган чиқиндилар белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.

Sirdaryo viloyat ma’muriy sudlarida “Manfaatlar to’qnashuvi. Sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati” mavzusida seminar mashg‘uloti o‘tkazildi

Sirdaryo viloyat ma’muriy sudida “2024 yilning 2-yarmida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlarida sud xodimlari tomonidan o’tkaziladigan “Ma’naviyat va ma’rifat soati” rejasi tasdiqlangan.

Tasdiqlangan rejaga asosan joriy yilning 23 avgust kuni Sirdaryo viloyat ma’muriy sudida “Manfaatlar to‘qnashuvi. Sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati” mavzusida seminar mashg‘uloti o‘tkazildi.

Mazkur seminar mashg‘ulotida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlari raislari, sudyalari va xodimlari ishtirok etishdi.

Seminar mashg‘ulotida manfaatlar to‘qnashuvi tushunchasi, turlari, sub’ektlari va uning oldini olishga oid cheklovlar, manfaatlar to‘qnashuvining oldini olish va tartibga solishning huquqiy asoslari, sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati yuzasidan ma’lumotlar eshitildi.

Tadbir yakunida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlari sudyalari va xodimlari seminar mavzusi yuzasidan o‘z fikr va mulohazalarini bildirib o‘tishdi.

Sirdaryo viloyat ma’muriy

sudi

Аралаш сайлов тизими, унинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари.

Мамалакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган инсонпарвар, адолатли, демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, яъни халқаро сайлов стандартларига мос келадиган нормаларни сайлов қонунчилигига татбиқ этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2023 йил 18 декабр куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Сайлов кодекси ва амалдаги еттита қонунга сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини ривожланган демократик ҳуқуқий давлатларнинг илғор амалиётига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Зеро, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида аралаш сайлов тизимидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Аралаш сайлов тизими ўзида иккита – пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган.

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йил октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган сайлови ҳам айнан аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Бунда Қонунчилик палатасининг 75 депутати аввалгидек бевосита бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 депутат сиёсий партияларнинг сайловда олган овозлари сонига пропорционал тарзда, партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодлар рўйхати бўйича сайланади.

Мажоритар сайлов тизими бўйича сиёсий партия бир мандатли сайлов округларининг ҳар биридан биттадан, жами 75 та депутатликка номзодни кўрсатиш ҳуқуқига эга. Пропорционал сайлов тизимида ягона сайлов округи бўйича сиёсий партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг рўйхатига камида 75, кўпи билан 100 нафар номзод киритилиши лозим.

Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда белгиланади. Аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида қирқ фоизини (аввал бу миқдор ўттиз фоиз эди) ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими бўйича сайлов ўтказилиши муносабати билан ҳар бир сайловчига сайлов куни мажоритар сайлов тизими бўйича битта, пропорционал сайлов тизими бўйича ҳам битта, жами иккита сайлов бюллетени берилади.

Мажоритар сайлов тизими бўйича бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг исм-шарифи киритилган бўлади.

Пропорционал сайлов тизими бўйича эса Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи киритилади.

Сайлов бюллетенини тўлдиришда сайловчи мустақил равишда қарор қабул қилади, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади, шу тариқа ўзи маъқул деб топган депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беради.

Мажоритар – французча сўздан олинган бўлиб, “кўпчилик” деган маънони англатади. Мазкур сайлов тизими давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини (парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалар), шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш учун ўтказиладиган сайлов тизими бўлиб, унда, асосан, бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Кам овоз олган номзодлар учун берилган сайловчилар овози инобатга олинмайди.

Ҳозирги замон конституциявий ҳуқуқида мажоритар сайлов тизимининг учта турдаги кўриниши – мутлақ, малакали ҳамда нисбий кўпчилик овозга асосланган кўринишлари мавжуд. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг (50 фоиз + 1 ва ундан ортиқ) овозини олган номзод сайланган ҳисобланади.

Агар бир мандатли сайлов округидан уч ёки ундан ортиқ номзод сайловда иштирок этаётган бўлса-ю, биринчи тур сайловида ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозни тўплай олмаса, унда сайлов округи бўйича сайловчиларнинг энг кўп овозларини тўплаган икки номзод ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Малакали кўпчилик овозга асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг қонунчиликда белгиланган талабга мувофиқ 2/3 ёки 3/4 қисми овозини олган номзод сайланган ҳисобланади.

Бу усулдан кўпроқ Конституция, конституциявий қонунларни қабул қилиш ёки Конституцияга оид бошқа масалаларни ҳал этишда фойдаланилади. Масалан, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади”, деб аниқ белгилаб қўйилган.

Ҳозирги демократик давлатларда кўппартиявийлик шароитида ўтказиладиган сайловда айнан нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимидан фойдаланиш қулай ва энг мақбули саналади. Чунки, бир мандатли сайлов округидан қанча номзод кўрсатилган бўлсада, бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган номзод сайланган ҳисобланади. Бунда такрорий овоз бериш ёки сайловнинг иккинчи турини ўтказишга эҳтиёж қолмайди. Натижада ортиқча вақт, ресурс ва маблағ сарф-харажатининг олди олинади.

Бу каби афзалликларни инобатга олган ҳолда Сайлов кодексига “сайловда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади”, деган ўзгартириш киритилди. Энди мамлакатимиз вакиллик органларини шакллантириш, хусусан, бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатларни сайлашда нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилади. Аввал парламент сайловларида ҳам, халқ депутатлари кенгашлари сайловларида ҳам мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилиб келган.

Пропорционал сайлов тизими халқаро амалиётда мавжуд сайлов тизимларидан бири бўлиб, у орқали сайлов ўтказилганда, депутатлик мандатлари, яъни вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сиёсий партиялар томонидан шакллантирилган депутатликка номзодлар рўйхатлари учун сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади. Мажоритар сайлов тизимидан фарқли ўлароқ, сайловчи бевосита депутатликка номзод шахсга эмас, балки сайловда иштирок этаётган, депутатликка номзодлар рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради.

Ҳозирги кунда пропорционал сайлов тизими анча кенг тарқалган. Пропорционал сайлов тизимида сайлов натижаларини аниқлашда қонунчиликда вакиллик органида мавжуд депутатлик мандатларига даъвогарлик қилиш учун сиёсий партиялар қўлга киритиши зарур бўлган овозларнинг энг кам миқдори белгиланади. Масалан, Ўзбекистон Сайлов кодексига, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Сайловда иштирок этаётган сиёсий партия қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордаги ёки ундан кўпроқ сайловчиларнинг овозини тўплай олсагина, унга депутатлик мандатлари тақсимланади. Бунинг учун, аввало, сайловчилар берган овозлар вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сонига бўлинади. Натижада битта мандат (депутатлик ўрни) учун тўпланиши лозим бўлган овозлар миқдори маълум бўлади ва у сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнг сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёқлаб берган овозлари алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Ҳар бир сиёсий партия олган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади, натижада мазкур партия эга бўлган депутатлик ўринларининг умумий сони аниқ бўлади.

Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради ва натижада қайси сиёсий партия қанча овоз олганига қараб депутатлик ўринларига эга бўлади.

Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасидаги бир юз элликта депутатлик ўрнидан етмиш бештаси пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб ҳолда тақсимланади. Масалан, сайловда иштирок этган сайловчиларнинг 40 фоизи қайсидир сиёсий партияни ёқлаб овоз берган бўлса, демак, мазкур сиёсий партия Қонунчилик палатасида мавжуд 75 та депутатлик ўрнининг 40 фоизи қўлга киритган ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, аралаш сайлов тизими жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади. Сайловчи нафақат номзодларнинг шахси, балки дастурлари, халқ турмушини янада фаровонлаштириш бўйича илгари сураётган таклифлари билан яқиндан танишади, уларни реал ҳаётда нечоғлиқ татбиқ этиш имкониятлари мавжудлигини баҳолайди. Шундан сўнг муайян қарорга келади ҳамда ўзи лозим топган номзодни ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, бу тизим сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобатни кучайтириб, сиёсий ҳаётда фикрлар плюрализмининг ривожланишига туртки беради.

Мирзоҳид Ҳайдаров,

Сирдарё вилоят маъмурий суди судьяси

Сардор Эгамназаров,

вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи ярми давомида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари таҳлили юзасидан маълумот

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2024 йил биринчи ярми давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди.

Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи ярмида биринчи инстанция судида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 81 тасини ёки 34,2 фоизини ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар ташкил қилган.

Шундан, вилоят ҳудудидаги ҳокимларнинг 25 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Жумладан, Сирдарё туман ҳокимининг 7 та, Гулистон туман ҳокимининг
6 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 6 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 1 та, Сардоба туман ҳокимининг 1 та, Боёвут туман ҳокимининг 1 та, Ховос туман ҳокимининг 1 та ҳамда бошқа ҳокимликларниг 2 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича 2024 йил биринчи ярмида маҳаллий ҳокимликларга нисбатан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Сирдарё вилоятида ҳоким қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилиши кўрсаткичи 2023 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 2024 йилнинг биринчи ярмида 43,2 фоизга камайган.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи  ярмида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 31 таси ёки
13,1 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар ташкил  қилган.

Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят солиқ бошқармасининг 3 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига нисбатан 2024 йил биринчи ярмида 3 та хусусий ажрим чиқарилган.

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.  

ҲУҚУҚИЙ ОНГ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Ҳуқуқий онг бу – кишиларнинг ҳуқуққа, қонунчиликка, ҳуқуқ тартиботга ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан бўлган ғоялар, ҳис-туйғулар йиғиндиси тушунилади.      

Ҳуқуқий онгни вужудга келиши орқали ҳуқуқий маданият шакллана бошланади.

Ҳуқуқий маданият деганда, кишиларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуққа нисбатан онгли муносабати, ҳуқуқни ҳурмат қилиши ва унга риоя қилиши тушунилади.

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш, ҳуқуқий нормаларни бажариш, ҳуқуқий талабларни билиш ҳамда уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга оид барча масалалар кишиларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир.       

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатади.

Юридик адабиётларда, ҳуқуқий назарияда  ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий идеализм терминлари ишлатилади.

Ҳуқуқий нигилизм бу ижтимоий муносабатларда, фуқароларнинг ўзаро муносабатларида қонунга бўлган, ҳуқуққа бўлган беписандлик, уни ҳурмат қилмаслик ва унга бўйсунмасликка бўлган ҳаракатлар тушунилади.

Ҳуқуқий идеализмда эса аксинча, қонунларга барча муаммоларни бир зумда ҳал қилишга қодир бўлган ҳужжат сифатида қаралади.

Ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий идеализ битта илдиздан, яъни юридик билимсизликдан, ривожланмаган ва бузилган ҳуқуқий онгдан, сиёсий-ҳуқуқий маданият етишмаслигидан озиқ олади.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳуқуқни билиш жамиятнинг ҳар бир аъзолари учун муҳим саналади. Ҳуқуқимизни билиш орқали биз кучли фуқаролик жамияти шаклланишига ўз хиссамизни қўшган бўламиз.

Жамиятда юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият шаклланиши мамлакатнинг  иқтисодий ривожланишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Иқтисодиётни ривожлантириш учун мамлакатда мустақил одил судлов ва қонун устуворлиги мавжуд бўлиши керак.

Мутлақ одил судлов ва қонун устиворлигига фақат юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият орқали эришишимиз мумкин.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси                                                            А.Мусурманкулов

“Миранда коидаси” миллий конунчилигимизда кандай акс эттирилган.

Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши (“Миранда қоидаси”) халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган норма бўлиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода Конституциямизнинг 27-моддасида “Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган норма белгиланган.

“Миранда қоидаси” ўз тарихига эга. Миранда Аризона штатига қарши (1966 йил, АҚШ). Мазкур шов-шувли иш Миранда қоидаси деб аталувчи барчамиз Голлувуд киноларида эшитишга ўрганиб қолганимиз, гумонланувчини ҳибсга олишда “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз» деб бошланувчи сўзларни айтиш лозимлиги тўғрисида ҳукм чиқарилишига сабаб бўлган. 1963 йилнинг мартида Эрнесто Артуро Миранда исмли бир Аризона фуқароси одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятини содир этганликда айбланади. У ҳибсга олиниб, икки соат давомида сўроқ қилингандан сўнг, айбига иқрор бўлган. Судга Миранданинг ва ундан жабрланган шахс кўрсатмаси далил сифатида тақдим этилди. Натижада Миранда одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятини содир этганлиги учун 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Миранданинг адвокати суд қароридан норози бўлиб аппеляция инстанциясига мурожаат қилади. Аризона штати Олий суди эса бу ишда бирон камчилик кўрмай, аввалги қарорини тасдиқлайди. Адвокат шундан сўнг АҚШ Олий судига мурожаат қилади. Адвокатнинг фикрича Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрор бўлиш бўйича кўрсатма берган, бундай кўрсатмалардан эса жиноятни исботлашда  фойдаланилган. АҚШ Олий суди адвокатнинг фикрига қўшилади ва суд ҳукмини бекор қилиш, ишни Миранданинг кўрсатмаларисиз қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳукм чиқаради. Эрнесто Артуро Миранданинг иши эса унинг кўрсатмаларисиз, бошқа далилларга асосан кўриб чиқилиб, унинг жиноят содир этилганлиги исботланади ва унга 20 йилдан 30 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бироқ бу ишнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки АҚШ Олий суди бундан буён полициячилардан шахсни ушлаш чоғида шартли равишда Миранда қоидаси деб олган матнни ўқиб эшиттиришларини талаб қилади. Бу қоида ушлаб туриш сабабларини, кўрсатма беришни рад этиш, ушланган шахс берган кўрсатмалардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини ҳамда давлат ҳисобидан ҳимоячини таклиф этиш каби ҳуқуқлар билан гумонланувчини таништиришни ўз ичига олади. Шу пайтдан бошлаб, АҚШда ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилишидан олдин олинган ҳар қандай маълумот номақбул далил экани белгилаб қўйилди.

Кўпчилик фуқароларимиз тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушланганлиги айтилмаслигидан, айтилганида ҳам ушлаш сабаблари ва айбноманинг асл маъносини тушунмаслигидан шикоят қиладилар. Айрим ҳолларда, ушланган шахс ўз ҳуқуқларини билмаган шароитда тергов органлари томонидан айбига иқрорлик кўрсатмалари беришга мажбурланиши хавфи мавжуд. Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва ҳуқуқий ёрдамга айниқса муҳтождир, чунки у бундай мураккаб вазиятда жиноятда айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти унга эмас, аксинча, тергов органларига тўлиқ юклатилганлигини англай олмайди.

Муҳими, мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишининг олдини олади.

“Миранда қоидаси”нинг мазкур талаби Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.

            Ушбу қоиданинг Конституцияга киритилиши шахснинг асоссиз ушланиши, адвокат иштирокисиз ёки ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинишининг олдини олади. Айниқса, ўз ҳуқуқларини яхши билган ва талаб қиладиган инсонларга нисбатан тергов вақтида зўравонлик ёки қонунга хилоф ҳаракатлар қилиш эҳтимоли янада пасаяди.

Т.Султанов

Сирдарё вилояти маъмурий судининг

судья катта ёрдамчиси

Ўзбекистон Республикаси Давлат сиёсатининг устувор йўналишлари.

Барчамизга маълумки, Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши мамлакатдаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва дўстона оилага бирлаштиришдан иборат.

Асрлар мобайнида ғоят хилма-хил миллатлар ва динлар вакиллари тинч-тотувликда яшаган дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданиятлари бир-бирини бойитган макон – Ўзбекистонда бугунги кунда 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари ягона оилага бирлашиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий мақсади жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, шунингдек кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш, турли миллат ва элатларнинг она тили, урф-одатлари, анъаналарини асраш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш этиб белгиланган.

Ушбу мақсадларга эришиш учун давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш, жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари асосида ноёб тизим яратилиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида халқимизга азал-азалдан хос бўлган дўстлик ва бағрикенглик каби эзгу қадриятлар асосида миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, Марказий Осиёда яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш орқали барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилди.

Янги Ўзбекистон тараққиётнинг муҳим омили сифатида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда яшаётган 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган.

Шунингдек, миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 45 тадан ортиқ концептуал ҳужжат – 2 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 та фармони ва 10 та қарори, Олий Мажлиснинг 3 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистонда телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 14 тилда чоп этилмоқда ҳамда мамлакатимиздаги 10 000 тадан ортиқ давлат умумтаълим мактабининг 1 865 тасида таълим ўзбек ҳамда 6 тилда, яъни қорақалпоқ, рус, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Қарорига кўра, 2018 йил 26 июнда Қўмита қошида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказининг ташкил этилиши ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашмоқда.

2018 йил 25 октябрда Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни жадал ривожлантириш имконини берди.

2021 йил 11 августда “Ватандошлар” жамоат фондининг ташкил этилиши ватандошлар билан ҳамкорликнинг амалий мехнизмини яратди.

Ўзбекистон Президенти томонидан 2019 йил 15 ноябрда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтарди.

Мамлакатимизда 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш тўғрисида 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 1 июнда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди.

Ҳукуматнинг 2023 йил сентябрдаги қарорига асосан таъсис этилган “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш имконини беради.

Ўтган даврда миллий маданий марказларнинг 500 нафардан ортиқ фаоллари давлат мукофотларига сазовор бўлиб, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улардан 14 нафарига “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони берилди.

Кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш алоҳида устувор мақсад сифатида белгиланди.

Натижада миллий маданий марказларнинг этномаданий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилиб, уларда миллий маданий марказлар бепул асосда жойлаштирилди.

Шунингдек, қозоқ, қирғиз, туркман, турк, корейс, озарбайжон, беларус, бошқирд, татар ва бошқа миллий маданий марказларининг юбилейлари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Корея, Озарбайжон, Татаристон ва Бошқирдистон Республикаларидан келган расмий делегациялар, шунингдек маданият ва санъат намоёндалари иштирокида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан ташкил қилинди.

Маданиятлараро уйғунликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда ҳар йили турли миллат вакилларининг, жумладан, арманларнинг “Вардавар”, татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”, грекларнинг “Охи”, корейсларнинг “Чхусок”, Соллаль, полякларнинг “Дожинки”, русларнинг “Рождество”, “Широкая Масленица”, хитойликларнинг Чунь Цзе сингари миллий байрамлари ҳам кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон етакчиси таклифига асосан 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясига мувофиқ ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб юртимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” дўстликни янада мустаҳкамлайди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, миллий маданий марказлар қошидаги фольклор ансамблларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Дўстлик” концерт залини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада “халқ дипломатияси” имкониятларидан фойдаланиш орқали миллатлараро муносабатлар ҳамда маданиятлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.

Бундан ташқари хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган оқилона сиёсат жамиятда турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашга, диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини аҳил бир оилага бирлаштиришга хизмат қилади.

Йулдаш Кулдашев

Сирдарё вилоят маъмурий судининг

судья катта ёрдамчиси

Skip to content