Сирдарё вилоят маъмурий судларида “Маънавиятшунослик” бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимларининг ахлоқи ва одоби, билимлари, истеъдоди, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларини янада ривожлантириш мақсадида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси томонидан 2024 йил 21 февраль куни Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимлари иштирокида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш” режаси тасдиқланди.
Мазкур режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 июнь куни Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья катта ёрдамчиси М.Сарибаева “Маънавий таҳдидлар” мавзуси бўйича маънавий таҳдид, хавф тушунчаси, маънавий таҳдиднинг намоён бўлиш шакллари, замонавий кўринишлари ҳамда мафкуравий профилактика ва унинг ғоявий-мафкуравий жараёнлар тизимида ўрни ҳақида маъруза қилди.
Хусусан, глобаллашув жараёнларида ҳукм сураётган шароит миллий ўзликни сақлаб қолиш муаммолари, миллатнинг маънавий аҳлоқий, этно-маданий ва тарихий қадриятлари бархам топишига қаратилган хавф-хатарлардан бири маънавий таҳдидлар эканлигини айтиб ўтди.
Ўқув-семинар машғулоти жараёнида вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимларига миллий ўз-ўзини англаш ва миллий ғурур тушунчаси, шахс маънавияти категориялари, шахс маънавиятида одоб-ахлоқ тамойиллари, ватанга садоқат, миллий толерантлик бўйича маъруза ўқиб эшиттирилиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Бундан ташқари Сирдарё вилоят маъмурий судларида ҳар ойда ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқиб, асар таҳлили бўйича“Китобхонлик куни” ўтказилиши йўлга қўйилган.
Бундай “Китобхонлик куни” жорий йилнинг 7 июнь куни ҳам бўлиб ўтди.
Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби “Марғилон” давлат мукофоти соҳиби, “Ёш китобхон” танлови Республика босқичи ғолиб, Президент совғаси “Спарк” автомабили совриндори, Гулистон давлат университети координатори Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаева иштирокида “Китобхонлик куни” тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирда Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда “Ёш китобхон” Республика танлови ғолиби Ё.Ҳайитбоев, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Абдуллаевалар Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романи ҳамда Асқад Мухторнинг “Чинор” романининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, ушбу китобларнинг инсон характерини шакллантиришдаги ўрни юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини бериб ўтишди.
Тадбир якунида Сирдарё вилоят маъмурий судлари ходимлари иштирокида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилиб, танлов ғолиби эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси М.Сарнибаева
Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадлар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий «овозига» айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйишни талаб этмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.
Унга кўра;
Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати;
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат ва функциялари;
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 164 бандан иборат «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, маъқулланди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2024 йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва унда қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутиш тавсия этилсин:
маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш, самарали назорат тизимини шакллантириш; маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатига таклифлар киритиш механизмини белгилаш; маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш; маҳаллий Кенгашлар қарорларини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш; маҳаллий Кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш; маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш; маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, бюрократияга қарши чораларни белгилаш.
Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга хорижий давлатларнинг етакчи экспертларини жалб қилиш ҳамда илғор халқаро тажрибани ўрганиш учун хизмат ва ўқув сафарларини ташкил этиши белгиланди.
Вазирлик ва идораларга бир ой муддатда мазкур Фармонга 3-иловага мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига киритиш, Адлия вазирлиги эса вазирлик ва идоралар таклифлари асосида уч ой муддатда тегишли қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш Бунда, ушбу лойиҳаларнинг жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ҳамда нормаларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан танқидий кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига:
2024 йил 1 июлга қадар маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, вазифалари ва функцияларининг реестрини ишлаб чиқиш ва юритиш;
маҳаллий Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ягона амалиётни жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
Адлия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини тизимли ташкил этиш тавсия этилсин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар:
маҳаллий Кенгашлар биноларининг жорий ҳолатини хатловдан ўтказсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқсин;
2024 йил 1 октябрга қадар халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, 2025 йил 1 декабрга қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун белгиланган минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино (ишчи хоналар) билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишига оид нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг ““Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 24 октябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2023 йил 20 декабрда маъқулланган ва 2024 йил 16 январь куни Президент томонидан имзоланиб, 2024 йил 17 январь куни қонуний кучга кирган.
Ушбу Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилган.
Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:
Жумладан, 10-моддаси биринчи қисмининг 1-бандидаги «давлат бошқаруви органларининг» деган сўзлар «маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Қонуннинг 10-моддаси қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилган, яъни маъмурий судларда жисмоний шахслар ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.
Қонуннинг ушбу талаби жисмоний шахслар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, ушбу Қонуни 10-моддасининг иккинчи қисми «1» рақамидан кейин «11» рақами билан тўлдирилган, яъни жисмоний шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Қонунининг иловасидаги 3-бандига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, яъни 3-бандининг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилган, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Ўз навбатида, апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан аризалар (шикоятлар) берилганда тўланиши лозим бўлган ставканинг 50 фоизи белгиланганлиги сабабли жисмоний шахслар апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлар билан мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади ва ишни кўриш натижаси бўйича улардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда тарафларнинг келишуви муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.
Сабаби, суд муҳокамаси жараёнида тарафларнинг келишувга эришиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун ҳужжатлари талаблари доирасида ўзаро розилик, манфаатдорлик ва келишув асосида ҳал этилиши ариза берувчи ва жавобгар ҳуқуқларининг нисбатан тез ҳамда самарали таъминланиши билан аҳамиятлидир.
Шу ўринда суддаги келишув битими тушунчасига, унинг таърифига қисқача тўхталадиган бўлсак.
Ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг эришган ва суд томонидан тасдиқланган ёзма келишуви бу – келишув битимидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январдаги ЎРҚ-462-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексида (кейинги ўринларда МСИЮтК) дастлаб келишув битими ҳақида нормалар мавжуд эмас эди.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг МСИЮтК га бир қанча муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
2023 йил 27 апрелдан амалда бўлган ушбу Қонунда назарда тутилган қўшимчалардан бирига кўра, маъмурий ишдаги тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК ушбу янги институт қоидаларига бағишланган 151-боб билан тўлдирилиб, унда келишув битимини тузишнинг процессуал тартиби белгиланди.
Мазкур тартибга кўра, маъмурий ишдаги тарафлар (аризачи ва жавобгар) маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.
Қонун мазмунига кўра, фуқаронинг, юридик шахснинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб ариза тақдим этган давлат органи мансабдор шахси, тарафларнинг вакиллари ёки учинчи шахслар келишув битимини имзолаши мумкин эмас. Яъни, битим аризачи ва жавобгар томонидан шахсан имзоланиши лозим.
Тарафларнинг келишуви ихтиёрий, ўзаро ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган бўлиши шарт.
Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейингина тузилган деб ҳисобланади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган асл нусхаларда тузилади ва имзоланади.
Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.
Келишув битими нафақат ўртадаги низони ҳал этиш юзасидан, балки суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам тузилиши мумкин.
Ушбу ҳолат аризачи ва жавобгарга давлат божи, почта хизмати, экспертиза ўтказиш чиқимлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш каби суд харажатларини ўзаро келишув асосида тақсимланишига ҳам имконият яратади.
Келишув битимининг муҳокама этилиши ва тасдиқланиши тартиби суд иштирокчиларини қизиқтириши табиий ҳол бўлганлиги сабабли, бу борада қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.
Қонунга кўра, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.
Агар келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган бўлса, ушбу битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим.
Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган аризачи, жавобгар ёки улардан бири суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.
Келишув битимини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Келишув битими суд томонидан тасдиқланган тақдирда, маъмурий иш бўйича иш юритиш тугатилади.
Қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослари ҳам белгиланган бўлиб, агар битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, унинг шартлари бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, битимнинг шартлари кўриб чиқилаётган низо предмети билан боғлиқ бўлмаса, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) бўлмаса ёки битим унинг асл мазмунидан ташқаридаги шарт асосида тузилган бўлса, суд бундай битимни тасдиқлашни рад этади.
Қонунда назарда тутилган аҳамиятли жиҳатлардан яна бири шуки, келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажариши лозим.
Агар, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига суд жаримаси солинади.
Суд томонидан органларнинг, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, маъмурий судларда низоларни кўриб чиқишда келишув битими институтининг жорий этилиши ишдаги тарафларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қисқа муддатда, самарали ҳимоя қилинишига, фуқаролар ва давлат органларининг судларга бўлган ишончи янада ортишига сабаб бўлади.
Суд ҳужжатларининг таъсири ва самарадорлиги шубҳасиз уларнинг ижроси ўз вақтида ҳамда тўла таъминланиши билан боғлиқ.
Суд ҳужжати талабининг ўз вақтида ижро этилиши шахсларнинг ҳуқуқлари тикланишига, қонуний манфаатлари ҳимояланишига олиб келади.
Шу боис, амалдаги қонунчиликда суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган муайян тартиблар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминланамаганлик учун қатъий чоралар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига (кейинги ўринларда МСИЮтК) бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК нинг 122-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, маъмурий суд ҳужжатлари ижросини таъминламаганлик учун суд жарималари белгилаш тартиби янада такомиллаштирилди.
Тартибга кўра, маъмурий суднинг суд ҳужжати ижро этилмаганда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солиниши мумкин.
Бироқ, қонунда маъмурий судларга мансабдор шахсларга нисбатан кўпайтирилган миқдорда суд жарималари солиш ҳуқуқини назарда тутувчи қоидалар ҳам белгиланди.
Хусусан, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига дастлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади.
Мақолада ёритилаётган масала бўйича ўрнатилган асосий янгиликлардан бири шундаки, суд томонидан солинган жаримадан сўнг ҳам маъмурий суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, мансабдор шахсга дастлабки жариманинг ўн баравари миқдорида, яъни кўпайтирилган суд жаримаси солинади.
Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилмаган тақдирда эса, санаб ўтилган шахсларга тўғридан-тўғри кўпайтирилган миқдордаги суд жаримаси солинади.
Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар мансабдор шахсларининг суд қарори ижросини таъминлашга оид масъулиятини янада ошириш мақсадида, солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.
Суд жарималари тўлиғича республика бюджети даромадига йўналтирилади.
Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масала суд мажлисида иштирок этаётган шахсга нисбатан кўрилаётган бўлса, шу суд мажлисининг ўзида ҳал этилади.
Суд мажлисида иштирок этмаётган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала унинг иштирокини таъминлаш ва тушунтиришларини эшитиш мақсадида мақсадида бошқа суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга ва ижро органига юборилади.
Қонунчиликда белгиланган мазкур қоидалар суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида ва тўла таъминлаш орқали шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг қонунга зид бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан жабрланишини олдини олиш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимларининг ахлоқи ва одоби, билимлари, истеъдоди, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларини янада ривожлантириш мақсадида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Жумладан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси томонидан 2024 йил 21 февраль куни “Сирдарё вилоят маъмурий судларида судья ва суд ходимлари иштирокида “Маънавиятшунослик” мавзуларида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш” режаси тасдиқланди.
Мазкур режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 май куни Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида “Миллий ғурур ва ватанга садоват тушунчаси” мавзусида ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Ўқув-семинар машғулоти жараёнида вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимларига миллий ўз-ўзини англаш ва миллий ғурур тушунчаси, шахс маънавияти категориялари, шахс маънавиятида одоб-ахлоқ тамойиллари, ватанга садоқат, миллий толерантлик бўйича маъруза ўқиб эшиттирилиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Ўтказилган ўқув-семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судьялари ва суд ходимлари иштирок этишди.
Ўқув-семинари машғулоти давомида, вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Т.Султанов “Маънавий баркамол инсон тушунчаси, комиликка эришиш мезонлари” мавзуси бўйича маънавий баркамол инсон тушунчаси, шахс комиллигига эришишнинг актуал муаммолари, комил инсон ва унинг фазилатлари шунингдек ғарб ва шарқ алломалари маънавий меросида комилликка эришиш муаммолариҳақида семинар иштирокичларига тушунтириш бериб ўтди.
Хусусан, юксак даражадаги маънавиятга эга инсон – фидойилик, жасорат, мардлик, ўз халқини севиш, Ватанни қадрлаш, аждодларидан фахрланиш каби олижаноб фазилатлари билан ажралиб туриш, инсоннинг инсонлиги, биринчи навбатда унинг маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баркамоллиги, поклиги билан белгиланиши шунингдек, ота-онаси, фарзандлари, қариндошлари, хуллас бутун оила аъзолари, қўниқўшнилари, маҳалла кўйи, қишлоқдошлари ва бутун мамлакат халқ фаровонлиги ҳақида қайғуриш, теварак-атрофдаги инсонлар унга керак бўлганлиги сингари, ўзи ҳам уларга керакли бўлишга интилиши, одоб аҳлоқи, феъл-атворини ёқимли қилишини инсоний бурч эканлигини таъкидлаб ўтди.
Семинар давомида, инсон моҳиятини фалсафий-маънавий жиҳатдан таҳлил қилишда шахс тушунчасини ҳақида тўхтатилиб ўтиб, Шахс -маданийлашган жонзот, ижтимоий-тарихий тажрибага эга бўлган муайян давр авлодининг вакили, инсонлараро муносабатлар субъекти, маданийлашган, онг, ақл орқали фаолиятини бошқариш имкониятига эга бўлган, ижтимоий-тарихий анъана, турмуш тарзи ва тажрибага асосланган муайян авлоднинг вакили эканлигини айтиб ўтди.
Семинар машғулоти давомида семинар иштирокчилари маънавий баркамол инсон тушунчаси, комиликка эришиш мезонлари мавзуси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавобларни олишди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2024 йил биринчи чораги давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида биринчи инстанция судида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 58 таси ёки 43.9 фоизини маъмурий органлар ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган. Шундан, вилоят ҳудудидаги давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини 11 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Жумладан, Сирдарё туман ҳокимининг 4 та, Гулистон туман ҳокимининг 2 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 1 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 1 та хамда Боёвут туман ҳокимининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.
Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича 2024 йил биринчи чорагида 9 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 16 таси ёки 24,3 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.
Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига 2024 йил биринчи чорагида 1 та хусусий ажрим чиқарилган.
Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди.
Миллий стратегиясида, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш йўналишлари, шунингдек, кутилаётган натижалар белгилаб берилди.
Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.
Миллий стратегиянинг асосий вазифалар сифатида:
– мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;
– 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;
– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;
– инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;
– шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;
– жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;
– аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;
– дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;
– оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;
– инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;
– таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;
– инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;
– давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;
– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби белиглаб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратилиши, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичларини яхшилаш учун замин яратади.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси С.Рустамов
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сирдарё вилоят маъмурий суди