Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати

Бугунги кунда коррупция иллати барча давлатлар учун долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Коррупция адолат тамойилларини бузиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг давлат органларига бўлган ишончни пасайтиради, иқтисодий тараққиёт суръатларини секинлаштиради ҳамда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қурилишига жиддий тўсқинлик қилади.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Олий Мажлис ва Ўзбекистон ҳалқига йўлланган Мурожаатномасида ҳам такрор ва такрор коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид бўлиб, коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнат эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларида шаффофликни таъминлаш кераклиги, бу борада вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Ушбу иллатга қарши курашишдаги яна бир муҳим воситалардан бири – жамоатчилик назорати.
Коррупцияга қарши кураш фақат давлат органлари фаолияти билангина чекланиб қолмаслиги лозим. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Айнан жамоатчилик назорати коррупциянинг олдини олиш, уни фош этиш ва жамиятда унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришнинг самарали воситаларидан биридир.
Жамоатчилик назорати — фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолияти устидан олиб бориладиган қонуний ва очиқ назорат шаклидир. Унинг асосий мақсади давлат бошқарувида ошкораликни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини ошириш ва коррупсион ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.
Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи асосий субектлар булар, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик кенгашлари, мустақил экспертлар ва блогерлар. Уларнинг барчаси коррупцияга қарши курашда муҳим рол ўйнайди.
Жамоатчилик назорати демократик жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, унда ОАВ жамоатчилик назоратининг энг таъсирчан воситаларидан биридир. Бунда журналистларнинг фаоллиги давлат органлари фаолиятида очиқлик таъминлайди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифлари коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат дастурлари, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик мониторинги олиб борилиши коррупсион хавфларни камайтиради. Хозирда “Очиқ бюджет”, “Очиқ маълумотлар портали”, электрон мурожаатлар тизими каби платформалар жамоатчилик назоратининг самарадорлигини оширмоқда.
Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди, очиқлик сиёсати кучайтирилди, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кенгайтирилди. Бироқ жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш учун фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ОАВ эркинлигини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарур бўлади.
Юртимизда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун, Президент фармон ва қарорлари ҳамда шу йўналишдаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларнинг давлат органлари фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати муҳим ва ажралмас омил ҳисобланади. Фаол жамоатчилик иштирокисиз коррупцияни бартараф этиш мушкул. Ҳар бир фуқаронинг бефарқ бўлмаслиги, фаоллиги – адолатли, шаффоф ва тараққий этган жамият барпо этишда муҳим аҳамиятга эга.
Коррупцияга қарши кураш — бу бутун жамиятнинг умумий вазифаси бўлиб, унда давлат ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси
А.Норқўзиев






