Киберхавфсизликни таъминлаш — замонавий жамиятнинг муҳим вазифаси

Ҳозирги даврда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб келмоқда. Интернет тармоғи, электрон тўлов тизимлари, онлайн хизматлар ва рақамли платформалар инсонлар учун катта имконият ва қулайликлар яратмоқда. Бироқ бу жараёнлар билан бирга кибержиноятлар, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар ва шахсий маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш каби муаммолар ҳам ортиб бормоқда. Шу боис киберхавфсизликни таъминлаш бугунги кунда давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кенгайтириш ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ахборот маконида хавфсизликни таъминлаш, кибержиноятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор алоҳида аҳамиятга эга.

Мазкур қарорга мувофиқ, кибержиноятларга қарши курашиш тизими янада такомиллаштирилди. Давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик механизми яратилди. Бу эса ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларни тезкор аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади.

Кибержиноятларнинг энг кўп учрайдиган турларидан бири бу онлайн фирибгарлик ҳисобланади. Айрим ҳолларда жиноятчилар фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, уларнинг банк карталари маълумотларини қўлга киритади. Шу орқали пул маблағларини ноқонуний равишда ечиб олиш ҳолатлари кузатилади. Шунинг учун қарорда банклар ва тўлов тизимлари фаолиятида киберхавфсизликни кучайтириш, шубҳали операцияларни автоматик аниқлайдиган махсус антифрод тизимларини жорий этиш каби чора-тадбирлар белгиланган.

Бундан ташқари, қарорда фуқароларнинг масъулиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни шахслар ўзларининг банк картаси, SIM-картаси ёки электрон аккаунтларини бошқа шахсларга бериш орқали кибержиноят содир этилишига сабабчи бўлса, улар ҳам белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу эса аҳолининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва маданиятини ошириш муҳимлигини кўрсатади.

Ҳозирги вақтда кибержиноятлар турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Масалан, фишинг ҳужумлари, яъни қалбаки сайтлар орқали шахсий маълумотларни ўғирлаш, электрон почта орқали вирус тарқатиш, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни бузиш, шунингдек онлайн савдо майдонларидаги фирибгарлик ҳолатлари шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун фуқаролар интернетдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиши, шубҳали ҳаволаларга кирмаслиги ва шахсий маълумотларини ҳеч кимга ошкор қилмаслиги лозим.

Киберхавфсизликни таъминлашда таълим ва тарғибот ишлари ҳам катта аҳамиятга эга. Мактаблар, олий таълим муассасалари ва ташкилотларда ахборот хавфсизлиги бўйича билимларни ошириш, аҳолининг рақамли саводхонлигини юксалтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳар бир инсон интернетдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билса, кибержиноятлар сонини камайтириш мумкин.

Шу билан бирга, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳам муҳимдир. Бу орқали янги технологиялар жорий этиш, ахборот тизимларининг ҳимоя даражасини ошириш ва миллий киберхавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, киберхавфсизлик бугунги рақамли даврда жамият тараққиёти учун муҳим омил ҳисобланади. Ахборот технологияларидан хавфсиз фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва кибержиноятларга қарши самарали курашиш орқали барқарор ва ишончли рақамли муҳитни шакллантириш мумкин. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сирдарё вилояти маъмурий суди судьяси А.Кудратов