Гулистон давлат университетининг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ҳамда талабалар билан Сирдарё вилоят маъмурий суди томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ўтказилди

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган: барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш; мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналиши қуйидагиларни ташкил этади:

I. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш;

II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.

III. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

IV. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш.

V. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.Аниқроқ қилиб айтганда, стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қаралганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шарт-шароит яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсизлик ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ф.Ахматкулов