Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда 2026-йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашни кучайтиришга қаратилган муҳим фармон қабул қилинди.

Ушбу фармон мамлакатда зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз муҳит яратишни назарда тутади. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жамият тараққиётига жиддий тўсқинлик қиладиган салбий ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш ва айбдорларни қатъий жавобгарликка тортиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Фармонга мувофиқ, оилавий зўравонлик ҳолатларига қарши ҳуқуқий чоралар кучайтирилади. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу каби ҳолатларни аниқлаш, уларга тезкор муносабат билдириш ва жабрланган шахсларга ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади.

Шунингдек, фармонда аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш, уларнинг иқтисодий ва таълим соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса аёлларнинг мустақиллигини таъминлаш ва оилада соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш давлат сиёсатида муҳим вазифа сифатида белгиланган. Таълим муассасалари, маҳалла ва давлат ташкилотлари ҳамкорлигида профилактик ишлар олиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби чоралар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, 3 март куни қабул қилинган мазкур фармон жамиятда адолат, инсон қадри ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бундай чора-тадбирлар мамлакатда барқарор ва фаровон жамият қуришда муҳим аҳамиятга эга.

Сирдарё вилояти маъмурий суди судьяси А.Кудратов