Шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқи Конституциямизда кафолатланган

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг шахсий ҳуқуқий мақомини англатувчи, яъни инсоннинг озодлиги, шаъни ва қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Инсон ҳаётига унинг иродасига зид равишда ташқаридан аралашиш, хусусан шахсий маълумотлар билан танишиш, уларни тўплаш ва тарқатиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур ҳуқуқ шахсий маълумотлардан фойдаланишни назорат қилиш, ёзишма ва хат-хабарларнинг сир сақланиш ва турар жойига ўзбошимчалик билан бошқаларнинг киришига тўсқинлик қилиш каби бир қанча элементни ўз ичига олади.
Шунга кўра, фуқароларнинг ушбу ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади.
Бош қомусимиз Конституциямизнинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белигиланган.
Бундан ташқари, инсоннинг бу ҳуқуқи бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Жумладан, 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида, ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланади. Шунингдек, 1966 йилда қабул қилинган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 17-моддасида, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Халқаро ҳужжатлар, Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ўз доирасида бир қанча элементларни қамраб олади. Хусусан, шахсий, оилавий сирларни ўз ичига олган маълумотларни ўзбошимчалик билан йиғиш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатишга тўсқинлик қилиш, ишқий ва жинсий муносабатлар сирига бўлган ҳуқуқ, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқ, турар-жой дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ, фарзандликка олиш сири, эътиқод сири, тиббий сир ва бошқа сирларга бўлган ҳуқуқ шахсий ҳаёт дахлсизлигини ташкил қилувчи таркибий қисмларни ўзида ифодалайди.
Шу билан бирга, юқоридаги элементлар таркибига шахсий ҳаёт дахлсизлигининг алоҳида тармоғи сифатида турар-жой дахлсизлигини, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операцияси ва жамғарма сири, шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни, шу жумладан, хат-ёзишма, телефонда сўзлашув, телеграф хабари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланишига бўлган ҳуқуқни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги маъмурий ва жиноят қонунчилиги билан муҳофаза қилинади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваригача миқдорда жарима, 462-моддасига кўра, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, худди шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, Жиноят кодексининг 1411 ва 1412-моддаларида назарда тутилган жиноий жавобгарлик белгиланган.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи, ёзишмалар сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига, унинг ор-номуси, шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмас. Инсоннинг бу ҳуқуқи бевосита Конституциямизда мустаҳкамланган.
Сирдарё вилоят маъмурий
судининг судьяси А.Мусурманкулов
Сирдарё вилоят маъмурий судининг
судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев