





Маъмурий суд ишларини юритиш такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимизда илк маротаба 2017 йил 1 июндан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил қилинди.
Маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси маъмурий одил судлов ривожини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш зарурати мавжудлигини кўрсатди.
Шу боис, маъмурий суд ишларини янада такомиллаштириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2025 йил 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сон Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор билан “Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепцияси” тасдиқланди.
Қарорда айнан давлат органлари билан муносабатларда шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, маъмурий суд ишларини юритишни янада такомиллаштириш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишдаги айрим муаммоларни бартараф этишга оид муҳим вазифалар белгиланди.
Ушбу мақола орқали Қарорда назарда тутилган айрим масалалар ҳақида фикр юритишни лозим деб ҳисобладим.
Хусусан, бугунги кунда маъмурий судларда дастлабки эшитув тартиби жорий этилмаган бўлиб, бунинг оқибатида айрим ҳолатларда суд муҳокамаси ўтказмасдан туриб, тарафларга низони бартараф этиш йўлларини тушунтириш орқали тезда ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар ҳам маъмурий судларда бир неча суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда.
Шунинг учун қарорда маъмурий судлар фаолиятига дастлабки эшитув институтини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, дастлабки эшитув жараёнида тарафларга нафақат низони судгача ҳал этиш масалалари тушунтирилади, балки уларга талабларни аниқлаштириш, зарур далилларни тақдим этиш каби имкониятлар яратилади.
Яна бир масала шундаки, айрим ҳолатларда қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) судда муҳокама этилаётган маъмурий орган вакили судга етиб келмайди, суд сўраган далилларни судга тақдим этмайди. Бугунги кунда ушбу ҳолатда маъмурий судларда унинг чақируви бўйича келмаган давлат органи мансабдор шахсига таъсир чорасини қўллаш ваколати мавжуд эмас.
Жавобгар орган вакилининг судда иштирок этмаслиги ва зарур ҳужжатларни тақдим қилмаслиги шахсларнинг асосли эътирозларига ҳамда суд қарорлари устидан шикоятларнинг сони кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли, Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорида судда қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) муҳокама этилаётган маъмурий орган мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида мажбурий иштирокини таъминлаш чоралари назарда тутилмоқда.
Янгиланадиган қоидага кўра, хабардор қилинган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаган тақдирда, маъмурий суд томонидан ушбу орган мансабдор шахсига жарима қўлланилади.
Қарордаги яна бир эътиборли жиҳат шундан иборатки, маъмурий судлар фаолиятига давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб, ўз мажбуриятларини бажарган шахсларга нисбатан “ишончнинг ҳимоя қилиниши” принципини қўллашни жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бунда шахс давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб, ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса, давлат органининг мазкур ҳужжати кейинчалик бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас. Шахс ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ёки давлат органининг ҳужжати жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳолатлар бундан мустасно.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сон Қарорининг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга асос бўлиб хизмат қилади.
Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси
Хайдаров Мирзоҳид Худойназарович
O‘zbekiston Respublikasining “Davlat boji to‘g‘risida”gi Qonuniga qo‘shimcha va o‘zgartirishlar kiritildi

Keyingi yillarda mamlakatimizda energiya resurslaridan oqilona va samarali foydalanishga, iqtisodiyotni jadal rivojlantirish uchun zarur bo‘lgan energiyaning hosil qilinishi va sarflanishini barqarorlashtirishga qaratilgan islohotlar amalga oshirilmoqda.
Biroq energiya resurslari iste’molchilari tomonidan to‘lov intizomi darajasining pastligi issiqlik va elektr energiyasini yetkazib beruvchilarning moliyaviy ko‘rsatkichlariga salbiy ta’sir ko‘rsatmoqda.
Shu munosabat bilan issiqlik va elektr energiyasini yetkazib beruvchilar tomonidan iste’molchilarga energiya resurslari barqaror yetkazib berilishini hamda sifatli xizmatlar ko‘rsatilishini ta’minlash uchun yetkazib berilgan energiya uchun to‘lov bo‘yicha qarzlarni o‘z vaqtida undirish zaruriyati yuzaga kelmoqda.
O‘zbekiston Respublikasining 2025-yil 20-fevraldagi “Davlat boji to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuniga qo‘shimcha va o‘zgartirishlar kiritish haqida”gi O‘RQ-1032-son Qonuni bilan “Davlat boji to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuniga tegishincha issiqlik va elektr energiyasini yetkazib berish yuzasidan xizmatlar uchun to‘lovlar bo‘yicha qarzlarni undirish to‘g‘risidagi da’volar, arizalar va shikoyatlar bilan fuqarolik ishlari bo‘yicha va iqtisodiy sudlarga murojaat qilinganda issiqlik va elektr energiyasini yetkazib beruvchilar davlat bojini to‘lashdan ozod etilishini, shuningdek ularning talablarini qanoatlantirish to‘liq yoki qisman rad etilgan taqdirda mazkur davlat bojini ushbu yetkazib beruvchilardan undirish imkoniyatini nazarda tutuvchi qo‘shimcha va o‘zgartirishlar kiritildi.
Shuningdek O‘zbekiston Respublikasi hududida chet el tijorat tashkilotlarining vakolatxonalarini akkreditatsiya qilishni soddalashtirishga qaratilgan islohotlar amalga oshirilmoqda.
O‘zbekiston Respublikasining 2025-yil 20-fevraldagi O‘RQ-1032-son Qonuni bilan “Davlat boji to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuniga chet el tijorat tashkilotlarining vakolatxonalarini O‘zbekiston Respublikasi hududida akkreditatsiya qilishda davlat bojini to‘lash har bir yil uchun amalga oshirilishini aniqlashtiruvchi o‘zgartirish kiritildi.
Mazkur Qonun iste’molchilar tomonidan qarzlarning o‘z vaqtida to‘lanishini ta’minlashga, aholining sifatli issiqlik va elektr energiyasini yetkazib berish bo‘yicha xizmatlar bilan ta’minlanganlik darajasini oshirishga, shuningdek chet el tijorat tashkilotlarining vakolatxonalarini O‘zbekiston Respublikasi hududida akkreditatsiya qilganlik uchun davlat boji to‘lash tartibini aniqlashtirishga xizmat qiladi.
Sirdaryo viloyat ma’muriy sudi
bosh konsultanti Sh.O’ktamov
Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди
Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли одил судлов соҳасида катта ўзгаришлар юз берди. Муҳим ислоҳотлардан бири бу оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши, яъни маъмурий судларни ташкил этиш бўлди.
Ушбу судларнинг асосий вазифалари сифатида давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатидан (ҳаракатсизлик) шахсни ишончли ҳимоя қилиш белгиланди.
Натижада аҳоли манфаатларига зарар етказаётган минглаб ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари маъмурий судларда тикланди.
Кейинги 8 йилда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, маъмурий судлар соҳасига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги институтлар киритилди.
Хусусан, маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида олиб борилиши белгиланди, шунингдек ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талаби билан маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.
Шу билан бирга, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида келишувга эришиш механизмлари жорий қилинди.
Ушбу ислоҳот туфайли тарафларга низони ортиқча вақт ва харажатларсиз тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тақдим этилди.
Амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилининг 30 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш белгиланди.
Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, ушбу концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича идоралараро комиссия таркиби белгиланди.
Концепцияда – маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, Маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш кўрсатилди.
Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий судда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб, унда Республикамиздаги барча маъмурий суд судьялари ишитрок этди.
Ўтказилган йиғилишда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиянинг иш режаси ҳамда вазифалари тақсимоти муҳокама этилиб, тасдиқланди.
Хозирги кунда, Сирдарё вилоят маъмурий суди ва Гулистон туманлараро маъмурий суди судьялари томонидан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепциясида белгиланган вазифалар юзасидан ўз таклиф ва мулохозаларини ишчи гуруҳларга тақдим этиб келмоқда.
Сирдарё вилоят маъмурий суди судьяси А.Р.Норқўзиев