КОНСТИТУЦИЯ — ЭРКИН ВА АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

1992 йил 8 декабрь — халқимиз тарихида унутилмас сана. Ўша кунда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилиниб, давлатимиз мустақил тараққиётининг ҳуқуқий асоси яратилди. Бош қонунимиз фуқароларнинг эркинлиги, тенглиги ва фаровонлигига кафолат берди.

2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция эса замон талабларига мос равишда инсон қадрини юксалтириш, адолатли ва очиқ жамият барпо этишга қаратилди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат бўлиб, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва давлат масъулияти каби асосий принципларга таянади.

Конституциянинг “Муқаддима” қисмида халқимизнинг инсонпарварлик, демократия ва суверенитет тамойилларига содиқлиги, келажак авлодлар олдидаги масъулияти ифодаланган. Унда инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгиланган.

Янгиланган Бош қонунимизнинг IX боби иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларга бағишланган. Хусусан, 47-моддада ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи кафолатланиб, суд қарорига асосланмасдан уй-жойидан маҳрум этиш мумкин эмаслиги белгиланган. Шу билан бирга уй-жойдан маҳрум этилган шахсга унинг қиймати ва кўрган зарарининг ўрни тўлиқ қопланиши шартлиги назарда тутилган.

Бугун Конституция нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки халқнинг эркинлиги, бирдамлиги ва келажакка бўлган ишонч рамзига айланган. У мамлакатимизда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, инсон манфаатларини олий қадрият сифатида белгилаш ҳамда “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Конституция — бу миллатнинг ифтихори, адолат ва эркинлик рамзи, юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий пойдеворидир.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судяси     Хайдаров Мирзохид Худойназарович