Сирдарё вилоят маъмурий судларида Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари билан боғлиқ ишларнинг кўрилишида суд амалиётида юзага келаётган муаммоларнинг таҳлили юзасидан семинар машғулоти ўтказилди

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларида судьялар ва суд ходимлари иштирокида давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорлари қабул қилишда, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)да қонунийликни таъминлашнинг (айрим) муаммоларини ўрганиш юзасидан ўтказиладиган семинар машғулоти режаси тасдиқланган.

Мазкур режага асосан 2024 йил 30 август куни Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари масъул шахсларининг қарорлар қабул қилишда, ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) қонунийликни таъминлашнинг айрим муаммолари юзасидан навбатдаги семинар машғулоти ўтказилди.

Ўтказилган семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг судья ва суд аппарати ходимлари ва Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи З.Кличев ҳамда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ўринбосари Ф.Бабатаев ва бошқарма ходимлари, шунингдек, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари иштирок этишди.

Семинар машғулотида, Сирдарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев, Сирдарё вилоят маъмурий судларида Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг жавобгарлигида кўрилган ишлар бўйича низоларни келиб чиқиш сабаблари ва ушбу низоларни келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қилинадиган ишлар бўйича маъруза қилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида, мазкур инзоларни бартараф этиш бўйича Сирдарё вилоят маъмурий суди раиси Т.Қодирқулов, Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи З.Кличев, Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ўринбосари Ф.Бабатаев ҳамда вилоят маъмурий судларининг судьялар ва Мажбурий ижро бюроси бошқармаси ходимлари ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, тадбир якунида Сирдарё вилоят маъмурий судлари ва Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари билан боғлиқ ҳамкорликни давом эттириш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишга келишиб олинди.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун моҳияти мавзусида.

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунида кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шунингдек бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг

судьяси А.Ганиев ва судья ёрдамчиси М.Босимов.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2024 йил 21 августдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги 167-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш давомида вилоят маъмурий суди биноси ҳудуди, ён-атрофи ва ҳовлиси бегона ўтлардан тозаланди, кўп йиллик гул кўчатлари экилди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, дарахтларга шакл берилди, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишлар амалга оширилди, ободонлаштириш жараёнида тўпланган чиқиндилар белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.

Sirdaryo viloyat ma’muriy sudlarida “Manfaatlar to’qnashuvi. Sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati” mavzusida seminar mashg‘uloti o‘tkazildi

Sirdaryo viloyat ma’muriy sudida “2024 yilning 2-yarmida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlarida sud xodimlari tomonidan o’tkaziladigan “Ma’naviyat va ma’rifat soati” rejasi tasdiqlangan.

Tasdiqlangan rejaga asosan joriy yilning 23 avgust kuni Sirdaryo viloyat ma’muriy sudida “Manfaatlar to‘qnashuvi. Sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati” mavzusida seminar mashg‘uloti o‘tkazildi.

Mazkur seminar mashg‘ulotida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlari raislari, sudyalari va xodimlari ishtirok etishdi.

Seminar mashg‘ulotida manfaatlar to‘qnashuvi tushunchasi, turlari, sub’ektlari va uning oldini olishga oid cheklovlar, manfaatlar to‘qnashuvining oldini olish va tartibga solishning huquqiy asoslari, sud tizimida manfaatlar to‘qnashuvining mazmun-mohiyati yuzasidan ma’lumotlar eshitildi.

Tadbir yakunida Sirdaryo viloyat va Guliston tumanlararo ma’muriy sudlari sudyalari va xodimlari seminar mavzusi yuzasidan o‘z fikr va mulohazalarini bildirib o‘tishdi.

Sirdaryo viloyat ma’muriy

sudi

Аралаш сайлов тизими, унинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари.

Мамалакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган инсонпарвар, адолатли, демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, яъни халқаро сайлов стандартларига мос келадиган нормаларни сайлов қонунчилигига татбиқ этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2023 йил 18 декабр куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Сайлов кодекси ва амалдаги еттита қонунга сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини ривожланган демократик ҳуқуқий давлатларнинг илғор амалиётига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Зеро, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида аралаш сайлов тизимидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Аралаш сайлов тизими ўзида иккита – пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган.

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йил октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган сайлови ҳам айнан аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Бунда Қонунчилик палатасининг 75 депутати аввалгидек бевосита бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 депутат сиёсий партияларнинг сайловда олган овозлари сонига пропорционал тарзда, партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодлар рўйхати бўйича сайланади.

Мажоритар сайлов тизими бўйича сиёсий партия бир мандатли сайлов округларининг ҳар биридан биттадан, жами 75 та депутатликка номзодни кўрсатиш ҳуқуқига эга. Пропорционал сайлов тизимида ягона сайлов округи бўйича сиёсий партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг рўйхатига камида 75, кўпи билан 100 нафар номзод киритилиши лозим.

Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда белгиланади. Аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида қирқ фоизини (аввал бу миқдор ўттиз фоиз эди) ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими бўйича сайлов ўтказилиши муносабати билан ҳар бир сайловчига сайлов куни мажоритар сайлов тизими бўйича битта, пропорционал сайлов тизими бўйича ҳам битта, жами иккита сайлов бюллетени берилади.

Мажоритар сайлов тизими бўйича бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг исм-шарифи киритилган бўлади.

Пропорционал сайлов тизими бўйича эса Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича ўтказиладиган сайловда сайлов бюллетенига сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи киритилади.

Сайлов бюллетенини тўлдиришда сайловчи мустақил равишда қарор қабул қилади, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади, шу тариқа ўзи маъқул деб топган депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беради.

Мажоритар – французча сўздан олинган бўлиб, “кўпчилик” деган маънони англатади. Мазкур сайлов тизими давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини (парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалар), шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш учун ўтказиладиган сайлов тизими бўлиб, унда, асосан, бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Кам овоз олган номзодлар учун берилган сайловчилар овози инобатга олинмайди.

Ҳозирги замон конституциявий ҳуқуқида мажоритар сайлов тизимининг учта турдаги кўриниши – мутлақ, малакали ҳамда нисбий кўпчилик овозга асосланган кўринишлари мавжуд. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг (50 фоиз + 1 ва ундан ортиқ) овозини олган номзод сайланган ҳисобланади.

Агар бир мандатли сайлов округидан уч ёки ундан ортиқ номзод сайловда иштирок этаётган бўлса-ю, биринчи тур сайловида ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозни тўплай олмаса, унда сайлов округи бўйича сайловчиларнинг энг кўп овозларини тўплаган икки номзод ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Малакали кўпчилик овозга асосланган мажоритар сайлов тизимида бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар учун овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг қонунчиликда белгиланган талабга мувофиқ 2/3 ёки 3/4 қисми овозини олган номзод сайланган ҳисобланади.

Бу усулдан кўпроқ Конституция, конституциявий қонунларни қабул қилиш ёки Конституцияга оид бошқа масалаларни ҳал этишда фойдаланилади. Масалан, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади”, деб аниқ белгилаб қўйилган.

Ҳозирги демократик давлатларда кўппартиявийлик шароитида ўтказиладиган сайловда айнан нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимидан фойдаланиш қулай ва энг мақбули саналади. Чунки, бир мандатли сайлов округидан қанча номзод кўрсатилган бўлсада, бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган номзод сайланган ҳисобланади. Бунда такрорий овоз бериш ёки сайловнинг иккинчи турини ўтказишга эҳтиёж қолмайди. Натижада ортиқча вақт, ресурс ва маблағ сарф-харажатининг олди олинади.

Бу каби афзалликларни инобатга олган ҳолда Сайлов кодексига “сайловда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади”, деган ўзгартириш киритилди. Энди мамлакатимиз вакиллик органларини шакллантириш, хусусан, бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатларни сайлашда нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилади. Аввал парламент сайловларида ҳам, халқ депутатлари кенгашлари сайловларида ҳам мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизими амал қилиб келган.

Пропорционал сайлов тизими халқаро амалиётда мавжуд сайлов тизимларидан бири бўлиб, у орқали сайлов ўтказилганда, депутатлик мандатлари, яъни вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сиёсий партиялар томонидан шакллантирилган депутатликка номзодлар рўйхатлари учун сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади. Мажоритар сайлов тизимидан фарқли ўлароқ, сайловчи бевосита депутатликка номзод шахсга эмас, балки сайловда иштирок этаётган, депутатликка номзодлар рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради.

Ҳозирги кунда пропорционал сайлов тизими анча кенг тарқалган. Пропорционал сайлов тизимида сайлов натижаларини аниқлашда қонунчиликда вакиллик органида мавжуд депутатлик мандатларига даъвогарлик қилиш учун сиёсий партиялар қўлга киритиши зарур бўлган овозларнинг энг кам миқдори белгиланади. Масалан, Ўзбекистон Сайлов кодексига, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Сайловда иштирок этаётган сиёсий партия қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордаги ёки ундан кўпроқ сайловчиларнинг овозини тўплай олсагина, унга депутатлик мандатлари тақсимланади. Бунинг учун, аввало, сайловчилар берган овозлар вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринлари сонига бўлинади. Натижада битта мандат (депутатлик ўрни) учун тўпланиши лозим бўлган овозлар миқдори маълум бўлади ва у сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнг сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёқлаб берган овозлари алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Ҳар бир сиёсий партия олган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади, натижада мазкур партия эга бўлган депутатлик ўринларининг умумий сони аниқ бўлади.

Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради ва натижада қайси сиёсий партия қанча овоз олганига қараб депутатлик ўринларига эга бўлади.

Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасидаги бир юз элликта депутатлик ўрнидан етмиш бештаси пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб ҳолда тақсимланади. Масалан, сайловда иштирок этган сайловчиларнинг 40 фоизи қайсидир сиёсий партияни ёқлаб овоз берган бўлса, демак, мазкур сиёсий партия Қонунчилик палатасида мавжуд 75 та депутатлик ўрнининг 40 фоизи қўлга киритган ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, аралаш сайлов тизими жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади. Сайловчи нафақат номзодларнинг шахси, балки дастурлари, халқ турмушини янада фаровонлаштириш бўйича илгари сураётган таклифлари билан яқиндан танишади, уларни реал ҳаётда нечоғлиқ татбиқ этиш имкониятлари мавжудлигини баҳолайди. Шундан сўнг муайян қарорга келади ҳамда ўзи лозим топган номзодни ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, бу тизим сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобатни кучайтириб, сиёсий ҳаётда фикрлар плюрализмининг ривожланишига туртки беради.

Мирзоҳид Ҳайдаров,

Сирдарё вилоят маъмурий суди судьяси

Сардор Эгамназаров,

вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Skip to content