Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати

Бугунги кунда коррупция иллати барча давлатлар учун долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Коррупция адолат тамойилларини бузиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг давлат органларига бўлган ишончни пасайтиради, иқтисодий тараққиёт суръатларини секинлаштиради ҳамда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қурилишига жиддий тўсқинлик қилади.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Олий Мажлис ва Ўзбекистон ҳалқига йўлланган Мурожаатномасида ҳам такрор ва такрор коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид бўлиб, коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларида шаффофликни таъминлаш кераклиги, бу борада вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Ушбу иллатга қарши курашишдаги яна бир муҳим воситалардан бири – жамоатчилик назорати.

Коррупцияга қарши кураш фақат давлат органлари фаолияти билангина чекланиб қолмаслиги лозим. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Айнан жамоатчилик назорати коррупциянинг олдини олиш, уни фош этиш ва жамиятда унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришнинг самарали воситаларидан биридир.

Жамоатчилик назорати — фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолияти устидан олиб бориладиган қонуний ва очиқ назорат шаклидир. Унинг асосий мақсади давлат бошқарувида ошкораликни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини ошириш ва коррупсион ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи асосий субектлар булар, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик кенгашлари, мустақил экспертлар ва блогерлар. Уларнинг барчаси коррупцияга қарши курашда муҳим рол ўйнайди.

Жамоатчилик назорати демократик жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, унда ОАВ жамоатчилик назоратининг энг таъсирчан воситаларидан биридир. Бунда журналистларнинг фаоллиги давлат органлари фаолиятида очиқлик таъминлайди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифлари коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, давлат дастурлари, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик мониторинги олиб борилиши коррупсион хавфларни камайтиради. Хозирда “Очиқ бюджет”, “Очиқ маълумотлар портали”, электрон мурожаатлар тизими каби платформалар жамоатчилик назоратининг самарадорлигини оширмоқда.

Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди, очиқлик сиёсати кучайтирилди, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кенгайтирилди. Бироқ жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш учун фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ОАВ эркинлигини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарур бўлади.

Юртимизда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун, Президент фармон ва қарорлари ҳамда шу йўналишдаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларнинг давлат органлари фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати муҳим ва ажралмас омил ҳисобланади. Фаол жамоатчилик иштирокисиз коррупцияни бартараф этиш мушкул. Ҳар бир фуқаронинг бефарқ бўлмаслиги, фаоллиги – адолатли, шаффоф ва тараққий этган жамият барпо этишда муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга қарши кураш — бу бутун жамиятнинг умумий вазифаси бўлиб, унда давлат ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

А.Норқўзиев

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш

Бугунги глобаллашув шароитида демократик жамиятни тасаввур қилишда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тушунчалари муҳим ўрин эгаллайди. Жамият тараққиёти, сиёсий барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бевосита ушбу икки институтнинг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Ҳуқуқий давлат фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминласа, фуқаролик жамияти аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширади. Шу боис ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларини чуқур ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Ҳуқуқий давлат тушунчаси – бу давлат ҳокимиятининг қонуни асосида ташкил этиладиган, фаолияти қатъий ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солинган ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этиладиган давлат шаклидир. Ҳуқуқий давлатда қонун фақат фуқаролар учун эмас, балки давлатнинг ўзи учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Ҳуқуқий давлат концепцияси тарихан қадимги мутафаккирлар – Аристотел, Жон Локк, Шарл Монтеске, Иммануил Кант каби олимларнинг асарларида шаклланган. Уларнинг фикрича, давлат ҳокимияти чекланмаган бўлса, у зўравонлик ва адолатсизликка олиб келади. Шу сабабли давлат ҳокимияти қонун билан чекланиши зарур.

Шунингдек, ҳуқуқий давлат қуйидаги асосий тамойилларга таянган ҳолда фаолият юритади:

Қонун устуворлиги – қонун жамият ҳаётининг барча соҳаларида етакчи ўринни эгаллайди. Ҳеч бир шахс ёки ташкилот қонундан устун бўла олмайди.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи – давлат ҳокимияти уч тармоққа қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади. Бу ҳокимиятнинг бир қўлда жамланишининг олдини олади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши – шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги – судлар мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Бу адолатли судловни таъминлашда муҳим омилдир.

Давлат ва шахснинг ўзаро масъулияти – фуқаро қонунларга риоя қилса, давлат унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мажбур.

Фуқаролик жамияти тушунчаси – бу фуқароларнинг давлатдан ташқарида, аммо қонун доирасида ташкил этилган ва ижтимоий манфаатларни ифода этувчи мустақил институтлар тизимидир. Фуқаролик жамиятида шахс эркинлиги, ташаббускорлик ва ўзини ўзи бошқариш муҳим ўрин тутади. Фуқаролик жамияти давлат билан рақобат қилмайди, аксинча, жамият манфаатларини ифода этган ҳолда давлат фаолиятини тўлдиради ва назорат қилади. Бундай жамиятда фуқаролар ўз муаммоларини ҳал этишда фаоллик кўрсатади.

Шунингдек, фуқаролик жамияти қуйидаги институтлар орқали намоён бўлади:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • сиёсий партиялар ва ҳаракатлар;
  • касаба уюшмалари;
  • оммавий ахборот воситалари;
  • маҳалла ва бошқа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари.

Мазкур институтлар жамиятда ижтимоий мувозанатни таъминлаш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқий давлат фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий шарт-шароит яратади. Фуқаролик жамияти эса давлат ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Агар фуқаролик жамияти ривожланмаган бўлса, ҳуқуқий давлат фақат қоғозда қолиб кетиши мумкин. Шу боис уларнинг параллель ривожланиши муҳим ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда бир қатор муаммолар мавжуд, булар аҳолини ҳуқуқий саводхонлигининг юқори эмаслиги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги етарли эмаслиги, жамоатчилик назоратининг сустлиги ва бошқалар. Бу муаммолар жамиятда адолат ва қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилади.

Шунингдек, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун қуйидаги чора-тадбирлар муҳим саналади:

  • ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш;
  • ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш;
  • фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш;
  • давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
  • оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини кенгайтириш.

Бу чора-тадбирлар жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жамиятнинг барқарор тараққиёти ва демократик ривожланишининг муҳим омилидир. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг фаоллигини ошириш орқали адолатли ҳамда кучли жамият барпо этиш мумкин. Ҳар бир фуқаро ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида фаол иштирок этиши зарур.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

А.Норқўзиев

Сирдарё вилоят маъмурий судларининг 2025 йилнинг ўтган даври давомидаги фаолияти назар

2025 йил давомида Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда жами 444 та оммавий низо ва материаллар кўриб тамомланган бўлиб, шундан, 425 тасини оммавий низолар, 19 тасини материаллар ташкил этган.

2025 йилда 2024 йилга нисбатан маъмурий ишларни кўрилиши 8,6 фоизга камайган.

Биринчи инстанция судида кўриб тамомланган 425 та маъмурий ишларнинг 114 таси қаноатлантирилган, 216 тасини қаноатлантириш рад қилинган, 78 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган ва 17 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

Биринчи инстанция судида кўриб тамомланган 425 та маъмурий ишларнинг асосий қисмини маҳаллий ҳокимликлар, солиқ органлари ва кадастр идораларига нисбатан берилган аризаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ишлар ташкил этган. Жумладан,

ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида кўрилган ишлар 107 тани, яъни жами кўрилган ишларнинг
26,9 фоизини;

солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида кўрилган ишлар 94 тани, яъни жами кўрилган ишларнинг 23,6 фоизини;

кадастр идоралари қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида кўрилган ишлар 73 тани, яъни жами кўрилган ишларнинг 18,3 фоизиниташкил этган.

Биринчи инстанция судида 2025 йил давомида 114 та аризачиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, маъмурий органларнинг қарорлари ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Суд муҳокамаси жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишига йўл қўймаслик ҳақида 115 та, яъни қаноатлантирилган ишларга нисбатан 101,0 фоиз ишларга нисбатан хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, 2025 йилда биринчи инстанция суди томонидан 19 та материаллар кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг барчасини суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича кўриш бўйича материаллар ташкил этган.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанцияси томонидан 2025 йил мобайнида жами 89 та, Сирдарё вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси томонидан жами 48 та, Сирдарё вилоят маъмурий судининг тафтиш инстанцияси томонидан жами 83 та иш кўриб чиқилган.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судлари томонидан 2025 йил мобайнида жами 670 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шулардан 308 таси оғзаки, 362 таси оммавий ахборот воситалари орқали ўтказилган.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

Перейти к содержимому