Низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилди.

«Ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида«ги 19.05.2025 йилда ПҚ-188-сон қарори имзоланди.

Ҳужжат билан Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлигини судгача кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Мазкур низом аризалар қайси ҳудуддан берилганидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида кўрсатиладиган қуйидаги давлат хизматларига нисбатан татбиқ этилади:

  • тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан (қайта давлат рўйхатидан) ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектлари бўлмаган юридик шахсларни (давлат органлари ва муассасалари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, юридик шахслар бирлашмалари, адвокатлик тузилмаларини) давлат рўйхатидан (қайта давлат рўйхатидан) ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш;
  • комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тўлдириш;
  • тегишли ҳудуддаги адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш;
  • жисмоний шахсларни Профессионал медиаторлар реестрига киритиш;
  • юридик маслаҳатчилар ташкилотини Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига киритиш;
  • нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларига суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат бериш;
  • давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш;
  • «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёшларга, шунингдек, IT-парк резидентининг ўқувчиси ёки битирувчиси бўлган ёшларга истеъмол кредити орқали компьютер харид қилиш учун кафиллик бериш ҳамда мазкур кредитларнинг фоиз тўловларини компенсация қилиш;
  • халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш;
  • сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш;
  • иссиқлик таъминоти тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш;
  • электр энергиясини ўлчаш воситаси ва тизимини пломбалаш ҳамда электр таъминоти шартномасини тузиш;
  • электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) қиёслашдан ўтказиш (ечиш ва улаш билан бирга);
  • ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) қиёслашдан ўтказиш (ечиш ва улаш билан бирга);
  • электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, ўрнатиш ва тамғалаш;
  • ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, ўрнатиш ва тамғалаш;
  • уланадиган қуввати 20 кВтдан юқори бўлмаган электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш;
  • 1,2 МПа босимдан юқори бўлмаган газ тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш.

Апелляция кенгашлари томонидан шикоятларни кўриб чиққанлик учун тўловлар ундирилмайди.

Апелляция кенгашлари мажлиси якунига кўра қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

  • маъмурий ҳужжатни ўзгаришсиз қолдириш;
  • маъмурий ҳужжатга ўзгартириш киритиш бўйича ваколатли органга мажбурият юклаш;
  • маъмурий ҳужжатни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш, шунингдек, ваколатли орган томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш.

 Апелляция кенгашларининг қарорлари 3 иш кунидан кечиктирмай “E-qaror” электрон тизимида жойлаштирилади.

Апелляция кенгашларининг қарорлари тегишли давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.

Хулоса сифатида таъкидлайдиган бўлсак, низони судгача ҳал этиш тартибининг амалиётда кенг қўлланилиши фуқаролар ва аҳолининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари тезкор ва ортиқча чиқимларсиз ҳимоя қилинишига ёрдам беради.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг

судъя ёрдамчи Ё.Солиев

Шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқи Конституциямизда кафолатланган

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг шахсий ҳуқуқий мақомини англатувчи, яъни инсоннинг озодлиги, шаъни ва қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Инсон ҳаётига унинг иродасига зид равишда ташқаридан аралашиш, хусусан шахсий маълумотлар билан танишиш, уларни тўплаш ва тарқатиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур ҳуқуқ шахсий маълумотлардан фойдаланишни назорат қилиш, ёзишма ва хат-хабарларнинг сир сақланиш ва турар жойига ўзбошимчалик билан бошқаларнинг киришига тўсқинлик қилиш каби бир қанча элементни ўз ичига олади.

Шунга кўра, фуқароларнинг ушбу ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади.

Бош қомусимиз Конституциямизнинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белигиланган.

Бундан ташқари, инсоннинг бу ҳуқуқи бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.

Жумладан, 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида, ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланади. Шунингдек, 1966 йилда қабул қилинган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 17-моддасида, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Халқаро ҳужжатлар, Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ўз доирасида бир қанча элементларни қамраб олади. Хусусан, шахсий, оилавий сирларни ўз ичига олган маълумотларни ўзбошимчалик билан йиғиш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатишга тўсқинлик қилиш, ишқий ва жинсий муносабатлар сирига бўлган ҳуқуқ, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқ, турар-жой дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ, фарзандликка олиш сири, эътиқод сири, тиббий сир ва бошқа сирларга бўлган ҳуқуқ шахсий ҳаёт дахлсизлигини ташкил қилувчи таркибий қисмларни ўзида ифодалайди.

Шу билан бирга, юқоридаги элементлар таркибига шахсий ҳаёт дахлсизлигининг алоҳида тармоғи сифатида турар-жой дахлсизлигини, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операцияси ва жамғарма сири, шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни, шу жумладан, хат-ёзишма, телефонда сўзлашув, телеграф хабари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланишига бўлган ҳуқуқни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги маъмурий ва жиноят қонунчилиги билан муҳофаза қилинади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваригача миқдорда жарима, 462-моддасига кўра, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, худди шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, Жиноят кодексининг 1411 ва 1412-моддаларида назарда тутилган жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи, ёзишмалар сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига, унинг ор-номуси, шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмас. Инсоннинг бу ҳуқуқи бевосита Конституциямизда мустаҳкамланган.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                       А.Мусурманкулов

Сирдарё вилоят маъмурий судининг

судья катта ёрдамчиси                                              М.Кенжаев

Мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги суд орқали ишончли ҳимоя қилиш кафолатланади

Сўнгги йилларда, Мамлакатимизда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, давлат томонидан ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра, Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз
мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида сўнгги пайтларда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам истисно эмас.

Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур Фармонга асосан хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи бир қатор тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилиниши назарда тутилган.

Хусусан, биринчидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш тартиби бекор қилинади ва ушбу ҳужжатлар фақатгина суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Иккинчидан, ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш тартиби бекор қилинади, бунда, фақатгина ер эгаси ёки ер фойдаланувчиси томонидан ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза тақдим этилганда, унинг ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Учинчидан, эндиликда юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди, бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилиши белгиланмоқда.

Тўртинчидан, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб берилмайди, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно.

Бешинчидан, турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш эндиликда талаб этилмайди.

Олтинчидан, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш талаби бекор қилиниши белгиланмоқда.

Еттинчидан, жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида — мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш тартиби бекор қилинади ва ушбу ҳужжатлар фақатгина суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур Фармони қабул қилиниши хусусий мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги суд орқали ишончли ҳимоя қилиш кафолатланади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                          А.Мусурманкулов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                М.Кенжаев

“Янги Ўзбекистон”да Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси амалда

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди.

Миллий стратегиясида, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш йўналишлари, шунингдек, кутилаётган натижалар белгилаб берилди.

Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Миллий стратегиянинг асосий вазифалар сифатида:

– мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;

– 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;

– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;

– шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;

– жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;

– аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;

– дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;

– оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;

– инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;

– таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;

– давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;

– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби белиглаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратилиши, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичларини яхшилаш учун замин яратади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья                                                                     А.Мусурманкулов

Сирдарё вилоят маъмурий судининг

судья катта ёрдамчиси                                                       М.Кенжаев

Перейти к содержимому