Гулистон давлат университетининг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ҳамда талабалар билан Сирдарё вилоят маъмурий суди томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ўтказилди

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган: барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш; мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналиши қуйидагиларни ташкил этади:

I. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш;

II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.

III. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

IV. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш.

V. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.Аниқроқ қилиб айтганда, стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қаралганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шарт-шароит яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсизлик ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ф.Ахматкулов

Ҳалоллик вакцинаси атамасининг мазмун-моҳияти.

«Ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган янги авлодни тарбиялаш устувор вазифамиздир — Шавкат Мирзиёев

  1. “Ҳалоллик” ва вакцина сўзларининг маъноси.

Ҳалол сўзи арабча сўз бўлиб “ижозат этилган – исломда рухсат берилган” деган маънони англатади.

Ислом энциклопедиясида халол сўзига («эркин», «боғланмаган», «тугунни ечиш») – рухсат бериш; фарз, мандуб ва мубоҳ тушунчаларига кирувчи руҳсат этилган хатти-ҳаракатлар; ман этилган хатти- ҳаракатлар (ҳаром)нинг зидди.

Вакцина (лотинча vaccina. – сигирга оид), эмлашда ишлатиладиган моддалар – инфекцион касалликларнинг олдини олиш ёки даволаш мақсадида қўлланиладиган препаратлардир.

Ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш бу – ҳар бир инсон онги ва қалбига амалдаги қонунларга сўзсиз итоат қилиш ҳамда ислом дини шариатига мос шаклда яшашга ўргатиш билан боғлиқ бўлган тарбиявий аҳамиятга эга бўлган билимларни сингдирилишидир.

 “Ҳалоллик вакцинаси” – коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари мажмуаси. Бу атама илк бор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида тилга олинган. Коррупцияга қарши курашда адолат бош мезон ҳисобланади. Бунга эришишнинг ягона йўли “ҳалоллик вакцинаси”дир.

Инсоннинг инсонийлиги унинг ҳаллолиги ва поклиги билан ўлчанади. Шунинг учун ота-боболаримиз ҳамиша пок ва ҳалол бўлишга даъват этиб келган, ҳалол билан ҳаромни фарқлаш тўғрисида насиҳат қилишган.

Бугунги кунда ҳам ҳалоллик ва поклик масаласига ҳаётимизнинг яхшиланиши ва инсонийлигимизнинг мезони сифатида қаралмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда, турли иллатлардан холи, фаровон, одил жамиятни қуришда энг муҳим “ричаг” – ҳар биримиз ўзимизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз кераклигини таъкидлади. Дарҳақиқат, айнан ҳалоллик шу вақтга қадар миллатга азоб бериб келаётган дардларга малҳамдир.

  • Оилада фарзандларни тарбиялашда “ҳалоллик”ни сингдириш.

Абдурауф Фитрат бобомизнинг қўйидаги – яьни халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқлигиги ҳақидаги фикрларини олға суриб, ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимизни амал қилишларини жуда-жуда исташларини баён қилганлар.

Юртимизда азалдан оилани – энг гўзал тарбиянинг ўчоғи сифатида эътироф этиб келинган. Оила – муқаддас даргоҳ.

Бу даргоҳнинг бунёдкорлари бўлмиш ота ва она мансабидаги улуғ зотлар қўйган пойдевор, яратган қаср эса, ҳамиша эъзозга лойиқ бўлиши лозим.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг соғлиғи ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлаб келгуси авлодларга қолдирадиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.

Ҳар бир фарзанд оилада таваллуд топиб, ота-онасидан тарбияни ҳаёт кўникмаларини яъни одоб-аҳлоқ қоидаларини, харом ва халол, ватанга муҳаббат, юртга садоқат каби тушунчаларни ўрганишида, ота-онанинг фарзандлар тарбиясида роли беқиёсдир.

Юртбошимиз нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият муҳимлигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлишини қайд этди. Шарқ донишмандларининг “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”, деган ҳикматини алоҳида таъкидлади.

3.Мамлакатимизда “ҳалоллик вакцинаси” ғояси остида амалга оширилаётган ишлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинган фармонида – иқтисодиётни янада равнақ топтириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини таъминлаш алоҳида кўрсатиб ўтилган.

«Онги ва қалби болаликдан „ҳалоллик вакцинаси“ билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиздир. Бу борада БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишдан манфаатдормиз», — деди давлат раҳбари.

Президентимиз бироз ҳазил, озроқ армон билан «… лекин ўша «ҳалоллик вакцинаси»ни қайдан оламиз?» деган фикрни билдириб ўтди. Дарҳақиқат, коррупсияга қарши курашда адолатни бош мезон қилиб олиш айтишга осон. Илгариги тузумлардан маълумки, қайси ташкилотга коррупсия билан курашиш ваколати юклатилса, бу иллатнинг барча ришталари ўша ташкилотга бориб уланаверарди. Бундай ташкилот, коррупсияга қарши кураш эмас, балки уни бошқариш ва тартибга солиш билан мушғул бўлиб кетарди. Ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф бунинг олдини ололмаган. Бунинг ягона йўли – «ҳалоллик вакцинаси». Ҳалоллик инсоннинг онгу шуурида бўлиши лозим. Уни эса пайдо қилиш керак. Миллатнинг юзлаб йиллар давомида йиққан билими, тажрибаси, маънавий қадриятлари, албатта, «ҳалоллик вакцинаси»ни пайдо қилиш учун етарли бўлади. Шунинг учун доимо имон, поклик ва ҳалоллик йўлида ҳушёр туришимиз керак. Бу айниқса, ҳозирги кунда янги Ўзбекистон ғоясини изчил амалга оширишда ва бозор муносабатларига кенг йўл очиб берилган даврда ниҳоятда зарур.

2023 йил 19 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимдаги нутқида “Онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиздир“ – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

Сирдарё вилоят маъмурий судисудья катта ёрдамчиси Т.Султанов

       ТЕРГОВ СУДЬЯСИ — БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ

            Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

             Жумладан, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони судьялар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.

          Мазкур фармонда қайд этилганлигидек,  2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилиб,  жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тергов судьяси лавозими киритилади. Шу ўринда “тергов судьяси қандай ваколатларга эга?” деган савол туғилиши шубҳасиз. Муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармонига мувофиқ тергов судьяси қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан, санкцияларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади.

        Тергов судьясига жиноят материалларини,  бир қатор қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди. Шунингдек, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати берилади. Бундан ташқари, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади ва тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

         Тергов судьяси ўз фаолиятини қонунда белгиланган тартибда мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиб, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

        Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур фармонга асосан киритилаётган янги ўзгартиришлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириб, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний ва адолатли қарор қабул қилишларини таъминлаш ва барча иштирок этувчи томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси                 Алиакбар Бўриев

ЕР УЧАСТКАСИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚИНГИЗНИ РАСМИЙЛАШТИРГАНМИСИЗ?

Маълумки, 2018 йилда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Бироқ бу имкониятдан ҳамма ҳам ўз вақтида фойдалана олмади. Бунинг сабаби турлича бўлиши мумкин. Лекин бугун муаммонинг ечими битта – янги қонун қабул қилинди ва ҳужжатларни расмийлаштиришга улгурмаганларга яна бир имкон берилди.

Аҳоли даромадларини ошириш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ер участкалари ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш устувор аҳамиятга эга. Ўтган даврда қулай шарт-шароитга эга бўлган кўплаб уйлар барпо этилди.

Шу билан бирга, кадастр органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида қонунийликни таъминлаш борасида тизимли хато ва жиддий камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Бунда уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий масалалар, жумладан, яшаб турган жойга рўйхатга қўйиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти йўқлиги каби муаммоларни келтириб чиқарди.

Очиғини айтганда, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони билан берилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаган айрим фуқароларни бугун яна ўша муаммо – ўзбошимчалик билан эгаланган ер участкаларини эътироф этиш масаласи қийнаб келмоқда.

Бу муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мақсадида яна бир имконият берилди. Яъни “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонунда ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиблари белгиланган.

Яъни фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан, бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси – ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси деб эътироф этилади.

Қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг аниқ тартиби белгиланган. Хусусан:

– 2018 йил 1 майга қадар уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар;

– ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан ортиқча эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлар;

– эътироф этиш мумкин, деб топилган, лекин 2018 йил ўтказилган бир марталик умумдавлат акциясида якунига етмаган ҳоллар;

– 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан ажратилган, лекин тасдиқлаш масаласи тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилмаган ер участкалари;

– фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкаси;

– кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёхуд уларнинг қисмлари жойлашган ер участкаси;

– хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкаси;

– фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади.

Айни шу ерлар ва уларда қурилган қурилмалар амнистия доирасига тушишида, қонунда назарда тутилган асослар ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.

Қонунда белгиланган шартлар тугал бўлиб, уларни кенгайтириб талқин қилишга йўл қўйилмайди. Бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ер фондининг тоифаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзгартирилганидан сўнг кўриб чиқилади.

Шу ўринда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмларда эътироф этилишини қайд этиш жоиз. Яъни қонунда якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажм­да эътироф этилиши кўрсатилган.

Фуқароларнинг ушбу ҳажмдан ортиқча ерлари уларнинг ўзига деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Бу, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилига мос бўлган адолатли танловдир.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – унда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бирмунча енгилликлар кўзда тутилган. Яъни ҳуқуқларни эътироф этганлик учун бир марталик тўловлар ҳам фуқароларга оғирлик туғдирмайди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланган.

Аҳамиятлиси, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади. Тўлов амалга оширилгандан сўнг электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ижобий хулосалар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияси мажлисида кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлари 3 ой ичида қабул қилиниши лозим.

Мазкур қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши учун ҳуқуқий асослар яратади.

Энг муҳими, жамиятдаги мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ва шу билан бирга, ижтимоий масалаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ҳам ечим сифатида хизмат қилади.

Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси А.Х.Кудратов

Маълумки, бугун муҳим сиёсий воқелик – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар олдида турибмиз. Шу маънода айтганда, ҳамюртларимизнинг сайловга оид билимларини мустаҳкамлаш биз судьялар зиммасига ҳам масъулият юклайди


Таъкидлаш жоизки, Маъмурий
жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида сайлов қонунчилигини
бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Буни сайловчиларимиз
яхши билишлари лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексининг 51-2 – 51-9 – моддаларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш
соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ўз аксини топган. Масалан, кодекснинг
51-2-моддасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг
фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш
бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.Кодекснинг 51-3-моддасига мувофиқ
эса Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорларини ижро
этмаслик, ушбу комиссияларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий
равишда рад этиш ёки кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш мансабдор
шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда
жарима билан жазоланади.

Яна бир ҳуқуқбузарлик –номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли
вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун кодекснинг 51-4-моддасида маъмурий
жавобгарлик чоралари қайд этилган. Яъни бундай ҳолат мансабдор шахсларга
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдордаги жарима
жазосини юзага келтиради.Шунингдек, кодекснинг 51-4 – 51-9
– моддаларига кўра, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини
номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш,
сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида
атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, айни
жараёнда ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки
уларга қасддан шикаст етказиш, биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга
жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга
тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки
уларга қасддан шикаст етказиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш ҳамда
жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини,
шунингдек сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш)
тартибини бузиш учун маъмурий жарима жазолари қўлланилади.Жиноят кодексининг 146-моддасида
сайлов ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар
ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор
гуруҳлар ёки сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини
бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта
ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий
жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, бундай қилмиш базавий ҳисоблаш
миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача
мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч
йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан
жазоланади.

Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси А.Х.Кудратов

Перейти к содержимому