Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2024 йил биринчи ярми давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи ярмида биринчи инстанция судида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 81 тасини ёки 34,2 фоизини ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар ташкил қилган.
Шундан, вилоят ҳудудидаги ҳокимларнинг 25 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Жумладан, Сирдарё туман ҳокимининг 7 та, Гулистон туман ҳокимининг 6 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 6 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 1 та, Сардоба туман ҳокимининг 1 та, Боёвут туман ҳокимининг 1 та, Ховос туман ҳокимининг 1 та ҳамда бошқа ҳокимликларниг 2 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.
Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича 2024 йил биринчи ярмида маҳаллий ҳокимликларга нисбатан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Сирдарё вилоятида ҳоким қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилиши кўрсаткичи 2023 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 2024 йилнинг биринчи ярмида 43,2 фоизга камайган.
Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил биринчи ярмида жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 31 таси ёки 13,1 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар ташкил қилган.
Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят солиқ бошқармасининг 3 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига нисбатан 2024 йил биринчи ярмида 3 та хусусий ажрим чиқарилган.
Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқий онг бу – кишиларнинг ҳуқуққа, қонунчиликка, ҳуқуқ тартиботга ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан бўлган ғоялар, ҳис-туйғулар йиғиндиси тушунилади.
Ҳуқуқий онгни вужудга келиши орқали ҳуқуқий маданият шакллана бошланади.
Ҳуқуқий маданият деганда, кишиларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуққа нисбатан онгли муносабати, ҳуқуқни ҳурмат қилиши ва унга риоя қилиши тушунилади.
Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш, ҳуқуқий нормаларни бажариш, ҳуқуқий талабларни билиш ҳамда уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга оид барча масалалар кишиларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатади.
Юридик адабиётларда, ҳуқуқий назарияда ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий идеализм терминлари ишлатилади.
Ҳуқуқий нигилизм бу ижтимоий муносабатларда, фуқароларнинг ўзаро муносабатларида қонунга бўлган, ҳуқуққа бўлган беписандлик, уни ҳурмат қилмаслик ва унга бўйсунмасликка бўлган ҳаракатлар тушунилади.
Ҳуқуқий идеализмда эса аксинча, қонунларга барча муаммоларни бир зумда ҳал қилишга қодир бўлган ҳужжат сифатида қаралади.
Ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий идеализ битта илдиздан, яъни юридик билимсизликдан, ривожланмаган ва бузилган ҳуқуқий онгдан, сиёсий-ҳуқуқий маданият етишмаслигидан озиқ олади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳуқуқни билиш жамиятнинг ҳар бир аъзолари учун муҳим саналади. Ҳуқуқимизни билиш орқали биз кучли фуқаролик жамияти шаклланишига ўз хиссамизни қўшган бўламиз.
Жамиятда юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият шаклланиши мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Иқтисодиётни ривожлантириш учун мамлакатда мустақил одил судлов ва қонун устуворлиги мавжуд бўлиши керак.
Мутлақ одил судлов ва қонун устиворлигига фақат юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият орқали эришишимиз мумкин.
Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши (“Миранда қоидаси”) халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган норма бўлиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода Конституциямизнинг 27-моддасида “Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган норма белгиланган.
“Миранда қоидаси” ўз тарихига эга. Миранда Аризона штатига қарши (1966 йил, АҚШ). Мазкур шов-шувли иш Миранда қоидаси деб аталувчи барчамиз Голлувуд киноларида эшитишга ўрганиб қолганимиз, гумонланувчини ҳибсга олишда “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз» деб бошланувчи сўзларни айтиш лозимлиги тўғрисида ҳукм чиқарилишига сабаб бўлган. 1963 йилнинг мартида Эрнесто Артуро Миранда исмли бир Аризона фуқароси одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятини содир этганликда айбланади. У ҳибсга олиниб, икки соат давомида сўроқ қилингандан сўнг, айбига иқрор бўлган. Судга Миранданинг ва ундан жабрланган шахс кўрсатмаси далил сифатида тақдим этилди. Натижада Миранда одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятини содир этганлиги учун 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Миранданинг адвокати суд қароридан норози бўлиб аппеляция инстанциясига мурожаат қилади. Аризона штати Олий суди эса бу ишда бирон камчилик кўрмай, аввалги қарорини тасдиқлайди. Адвокат шундан сўнг АҚШ Олий судига мурожаат қилади. Адвокатнинг фикрича Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрор бўлиш бўйича кўрсатма берган, бундай кўрсатмалардан эса жиноятни исботлашда фойдаланилган. АҚШ Олий суди адвокатнинг фикрига қўшилади ва суд ҳукмини бекор қилиш, ишни Миранданинг кўрсатмаларисиз қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳукм чиқаради. Эрнесто Артуро Миранданинг иши эса унинг кўрсатмаларисиз, бошқа далилларга асосан кўриб чиқилиб, унинг жиноят содир этилганлиги исботланади ва унга 20 йилдан 30 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бироқ бу ишнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки АҚШ Олий суди бундан буён полициячилардан шахсни ушлаш чоғида шартли равишда Миранда қоидаси деб олган матнни ўқиб эшиттиришларини талаб қилади. Бу қоида ушлаб туриш сабабларини, кўрсатма беришни рад этиш, ушланган шахс берган кўрсатмалардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини ҳамда давлат ҳисобидан ҳимоячини таклиф этиш каби ҳуқуқлар билан гумонланувчини таништиришни ўз ичига олади. Шу пайтдан бошлаб, АҚШда ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилишидан олдин олинган ҳар қандай маълумот номақбул далил экани белгилаб қўйилди.
Кўпчилик фуқароларимиз тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушланганлиги айтилмаслигидан, айтилганида ҳам ушлаш сабаблари ва айбноманинг асл маъносини тушунмаслигидан шикоят қиладилар. Айрим ҳолларда, ушланган шахс ўз ҳуқуқларини билмаган шароитда тергов органлари томонидан айбига иқрорлик кўрсатмалари беришга мажбурланиши хавфи мавжуд. Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва ҳуқуқий ёрдамга айниқса муҳтождир, чунки у бундай мураккаб вазиятда жиноятда айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти унга эмас, аксинча, тергов органларига тўлиқ юклатилганлигини англай олмайди.
Муҳими, мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишининг олдини олади.
“Миранда қоидаси”нинг мазкур талаби Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.
Ушбу қоиданинг Конституцияга киритилиши шахснинг асоссиз ушланиши, адвокат иштирокисиз ёки ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинишининг олдини олади. Айниқса, ўз ҳуқуқларини яхши билган ва талаб қиладиган инсонларга нисбатан тергов вақтида зўравонлик ёки қонунга хилоф ҳаракатлар қилиш эҳтимоли янада пасаяди.
Барчамизга маълумки, Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши мамлакатдаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва дўстона оилага бирлаштиришдан иборат.
Асрлар мобайнида ғоят хилма-хил миллатлар ва динлар вакиллари тинч-тотувликда яшаган дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданиятлари бир-бирини бойитган макон – Ўзбекистонда бугунги кунда 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари ягона оилага бирлашиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий мақсади жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, шунингдек кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш, турли миллат ва элатларнинг она тили, урф-одатлари, анъаналарини асраш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш этиб белгиланган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш, жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари асосида ноёб тизим яратилиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида халқимизга азал-азалдан хос бўлган дўстлик ва бағрикенглик каби эзгу қадриятлар асосида миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, Марказий Осиёда яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш орқали барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилди.
Янги Ўзбекистон тараққиётнинг муҳим омили сифатида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда яшаётган 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган.
Шунингдек, миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 45 тадан ортиқ концептуал ҳужжат – 2 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 та фармони ва 10 та қарори, Олий Мажлиснинг 3 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистонда телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 14 тилда чоп этилмоқда ҳамда мамлакатимиздаги 10 000 тадан ортиқ давлат умумтаълим мактабининг 1 865 тасида таълим ўзбек ҳамда 6 тилда, яъни қорақалпоқ, рус, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Қарорига кўра, 2018 йил 26 июнда Қўмита қошида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказининг ташкил этилиши ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашмоқда.
2018 йил 25 октябрда Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни жадал ривожлантириш имконини берди.
2021 йил 11 августда “Ватандошлар” жамоат фондининг ташкил этилиши ватандошлар билан ҳамкорликнинг амалий мехнизмини яратди.
Ўзбекистон Президенти томонидан 2019 йил 15 ноябрда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтарди.
Мамлакатимизда 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш тўғрисида 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Ўзбекистонда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 1 июнда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди.
Ҳукуматнинг 2023 йил сентябрдаги қарорига асосан таъсис этилган “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш имконини беради.
Ўтган даврда миллий маданий марказларнинг 500 нафардан ортиқ фаоллари давлат мукофотларига сазовор бўлиб, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улардан 14 нафарига “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони берилди.
Кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш алоҳида устувор мақсад сифатида белгиланди.
Натижада миллий маданий марказларнинг этномаданий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилиб, уларда миллий маданий марказлар бепул асосда жойлаштирилди.
Шунингдек, қозоқ, қирғиз, туркман, турк, корейс, озарбайжон, беларус, бошқирд, татар ва бошқа миллий маданий марказларининг юбилейлари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Корея, Озарбайжон, Татаристон ва Бошқирдистон Республикаларидан келган расмий делегациялар, шунингдек маданият ва санъат намоёндалари иштирокида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан ташкил қилинди.
Маданиятлараро уйғунликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда ҳар йили турли миллат вакилларининг, жумладан, арманларнинг “Вардавар”, татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”, грекларнинг “Охи”, корейсларнинг “Чхусок”, Соллаль, полякларнинг “Дожинки”, русларнинг “Рождество”, “Широкая Масленица”, хитойликларнинг Чунь Цзе сингари миллий байрамлари ҳам кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон етакчиси таклифига асосан 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясига мувофиқ ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб юртимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” дўстликни янада мустаҳкамлайди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, миллий маданий марказлар қошидаги фольклор ансамблларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Дўстлик” концерт залини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада “халқ дипломатияси” имкониятларидан фойдаланиш орқали миллатлараро муносабатлар ҳамда маданиятлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.
Бундан ташқари хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган оқилона сиёсат жамиятда турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашга, диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини аҳил бир оилага бирлаштиришга хизмат қилади.
Йулдаш Кулдашев
Сирдарё вилоят маъмурий судининг
судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Административный суд Сырдарьинской области