“Янги Ўзбекистон”да Инсон ҳуқуқлари

бўйича миллий стратегияси амалда

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди.

Миллий стратегиясида, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш йўналишлари, шунингдек, кутилаётган натижалар белгилаб берилди.

Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Миллий стратегиянинг асосий вазифалар сифатида:

– мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;

– 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;

– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;

– шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;

– жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;

– аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;

– дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;

– оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;

– инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;

– таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;

– инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;

– давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;

– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби белиглаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратилиши, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичларини яхшилаш учун замин яратади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                        С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                        М.Кенжаев

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги

“Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги

ЎРҚ-889-сонли Қонунининг мазмун ва моҳияти

Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил          16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун 2023 йил 26 декабрь куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, маъмурий судлар қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

Қонун асосида 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, ўз навбатида, судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишларни Олий суд Раёсатида тафтиш тартибида кўриб чиқиш жорий этилди.

Аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, қонун билан апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва улар томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш назарда тутилди.

Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди.

Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.

Олий суд Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.

Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Олий суд Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди, протест келтирилмайди.

Юқоридагилардан англаш мумкинки, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, суд юкламаларини мувофиқлаштириш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси А.Норқўзиев

Судья катта ёрдамчиси Т.Султанов

 Сирдарё вилоят маъмурий судининг бошконсультанти С.Одилов

Сирдарё вилоят маъмурий судида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда суд фахрийлари иштирокида 2024 йил 19 март куни “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.

Сирдарё вилоят маъмурий судида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари ҳамда суд фахрийлари иштирокида 2024 йил 19 март куни “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.

Жумладан, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактабининг ўқитувчи ва ўқувчиларидан иборат ташкил этилган бадиий жамоа томонидан миллий чолғу асбоблари билан қўшиқлар ижро этилиб, иштирокчиларга жонли концерт дастури тақдим этилди.

Шунингдек, байрам тадбирига суд фахрийлари таклиф этилиб, улар уюштирилган жонли концерт дастурида иштирок этишди ҳамда уларга эсдалик совғалари тақдим этилди. Суд фахрийларига атаб алоҳида байрам дастурхони ташкил этилди.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг суд ходимлари томонидан турли хилдаги баҳорий таомлар тайёрланиб, байрам дастурхони ташкил этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг IV-йўналиши ҳисобланган “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”да белгилаб қўйилган суд – ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

Аниқроқ қилиб айтганда, стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қаралганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шарт-шароит яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсизлик ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

Мазкур стратегиянинг 4-йўналиш 2-бандида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”да қуйидагилар, яъни: 1. Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш: 2. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш. 3. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш. 4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш. 5. Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш. 6. Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш, белгилаб ўтилган.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ф.Ахматкулов

Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида келишув битими институти жорий қилиниши фуқаро ва тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқларини таъминлаш кафолатланади

Ҳаммамизга маълумки, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, айниқса давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда маъмурий суд ишларини юритишда тарафларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Шу билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фуқаро ва тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси “Келишув битими” деб номланган 151-боб билан тўлдирилиб, маъмурий суд ишларини юритишда янги келишув битими институти жорий қилинди.

 Эндиликда тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин. Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади. Келишув битимининг муҳим шартларидан бири жавобгарда фақат маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда тарафларнинг келишувига йўл қўйилади.

Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) — маъмурий органнинг қонунчилик доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қонунийликка ва мақсадга мувофиқликка ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи деб тушунилади.

Келишув битимининг яна бир муҳим шартларидан бири келишув битими фақатгина маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.

Келишув битими ёзма шаклда ва уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган нусхаларда тузилади ва имзоланади.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади.

Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тўлиқ ёки қисман тугатилганлиги кўрсатилади.

Шу билан бирга қонунда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослар келтирилган бўлиб, буларга келишув битимнинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса; унинг шартлари кўриб чиқилаётган низо (иш) предмети билан боғлиқ бўлмаса; жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлмаса ва битим шарт асосида тузилган бўлса, келишув битимини тасдиқлаш рад қилинади.

Келишув битимини тасдиқлаш рад этилган тақдирда, бу ҳақда ажрим чиқарилади ва суд муҳокамаси умумий тартибда ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида келишув битими институти жорий қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатланади.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                          С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                        М.Кенжаев

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг бош консулътанти С.Одилов

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил
6 мартдаги 137-F-сонли фармойиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2024 йил 15 мартдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги 59-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш давомида вилоят маъмурий суди биноси ҳудуди, ён-атрофи ва ҳовлиси бегона ўтлардан тозаланди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишлар амалга оширилди, ободонлаштириш жараёнида тўпланган чиқиндилар белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.

Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судларининг судья ва суд ходимлари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашишда ҳар бир фуқаро масъулдир

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларида коррупция муаммоси мавжуд бўлиб, унга қарши курашиш ва коррупция йўқ қилиш учун барча куч ва имкониятларини ишга солмоқдалар. Бироқ, ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда бир қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ичидан емириб, инқирозга юз тутишига хавф солмоқда, шу сабабли
бирон-бир давлатни корруциядан холи давлат деб айтиб бўлмайди.

Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Коррупция даржасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий кўрсатадиган омилдир, шу сабабли коррупция балоси билан муроса қилиб бўлмайди.

Мамлакатимизда ҳам ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида, Бирлашган миллатлар ташкилотининг 2003 йил 31 октябрдаги “Коррупцияга қарши” конвенцияси 2008 йилда ратификация қилинган ва ушбу конвенциясига қўшилиши тўғрисида қонуни қабул қилинган. Шунингдек, 2010 йилда мамлакатимиз Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига ҳам қўшилган.

Бундан ташқари, сўнги беш йилда мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш ҳамда ушбу иллатни илдизи билан йўқ қилиш мақсадида бир қатор қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Бунга мисол тариқасида, 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши айтишимиз мумкин.

Мазкур қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар ва уларнинг вазифалари, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш чора-тадбирлар, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган.

Ушбу қонунда белгиланган вазифаларни бажариш, шу билан бирга коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №6013-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифалар ва фаолият йўналишлари белгиланди.

Хусусан, мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;

вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;

давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш белгиланди.

Аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларда юз бераётган ҳар қандай коррупциявий омилларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сонли Фармони қабул қилинган.

Ушбу Фармон билан юртимизда, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу дастурга асосан коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашишда фуқароларимиз томонидан фаоллик кузатилмаса, коррупция ҳуқуқбузарликлари тўғрисида тегишли давлат идораларга хабар бермаса ушбу иллатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ, шу сабабли, ҳам ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлган тақдирда қўрқмасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришлари лозим. Чунки, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунинг 28-моддасида, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.

Шунинг учун ҳам давлатимизни юксалиши, фуқароларимизни эркин ва фаровон яшашлари ва ҳалқимизнинг келажаги учун бир мақсад сари бирлашсаккина ушбу иллатни илдизи билан йўқ қилишга эришишимиз мумкин. Барчамиз коррупцияга қарши курашни аввало ўзимиздан бошлашимиз зарур, унга қарши курашда маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан тайёр бўлишимиз лозим.

Ҳулоса қилиб айтганда, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят, ушбу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинг иши эмас, балким барчанинг иши бўлиш зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартарф этган бўламиз.

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                                           С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси                                                                                   М.Кенжаев

Маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
55-моддасида
ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланди.

Конституциянинг мазкур нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2024 йил 16 январда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-897-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни иловасининг 3-бандига киритилган ўзгартиришга асосан фуқаролардан ишнинг натижаси бўйича ундириладиган давлат божи суммаси БҲМнинг 1 баробаридан БҲМнинг 70 фоизига пасайтирилди.

Мазкур ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят маъмурий суди

бош консультанти Ш.Ўктамов

Байрамингиз муборак бўлсин азиз аёллар!

8-март «Халқаро хотин-қизлар байрами» куни муносабати билан Сирдарё вилоят маъмурий судида фаолият юритаётган хотин ва қизлар байрам тадбири билан табрикланди

Халқимиз азалдан гўзаллик тимсоли бўлган мутабар оналаримиз билан дилбар қизларга алоҳида ҳурмат эҳтиром кўрсатиб келган.
Сирдарё вилоят маъмурий судида 8-март «Халқаро хотин-қизлар байрами» кунига бағишланиб тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида сўз олганлар тизимда фаолият юритаётган бир гуруҳ хотин-қизларга самимий тилакларни билдиришди. Тадбирда Сирдарё вилоят маъмурий суди ҳамда Гулистон туманлараро маъмурий суди судьялари томонидан ҳамкасб аёлларга байрам совғалари ҳам топширилди.

Сирдарё вилоят маъмурий судлари

Перейти к содержимому