Маъмурий суд ишларини юритиш қонунчилигида “Тафтиш инстанцияси” институти жорий қилиниши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим омил ҳисобланади

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтариш, яъни суд қарорларини қайта кўриш институтни такомиллаштириш зарурлиги вужудга келди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь кунидаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилиниши назарда тутилган.

Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, шунингдек вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш каби қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, яъни ушбу Фармон билан янги институт “тафтиш инстанцияси” жорий қилиниши белгиланган.

Суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилиниши давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилиниши ҳисобланади.

Мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 28-боб билан тўлдирилган.

Хусусан, туманлараро маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судларига ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан тафтиш тартибида протест келтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу билан бирга, вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юқорида кўрсатилган шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши, тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ўз навбатида, тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги алоҳида қайд этилган.

Мазкур қонун билан тафтиш инстанцияси томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест)ни қабул қилиш, қабул қилишни рад қилиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ва шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатиш, шунингдек ишни тафтиш инстанцияси судида кўриш тартиби белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, “тафтиш инстанцияси” институти жорий қилиниши фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилиши, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалиши ҳамда мамлакатимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси          С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурийсудининг судья катта ёрдамчиси М.Кенжаев

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги ЎРҚ-889-сонли Қонунининг мазмун ва моҳияти

Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил          16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун 2023 йил 26 декабрь куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, маъмурий судлар қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

Қонун асосида 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, ўз навбатида, судлов ҳаъати томонидан кўрилган ишларни Олий суд Раёсатида тафтиш тартибида кўриб чиқиш жорий этилди.

Аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, қонун билан апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва улар томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш назарда тутилди.

Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди.

Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.

Олий суд Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.

Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Олий суд Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди, протест келтирилмайди.

Юқоридагилардан англаш мумкинки, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

Мирзоҳид Хайдаров

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йил давомида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари таҳлили юзасидан маълумот

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят маъмурий судларида келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида, 2023 йил давомида Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шаҳсларини қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиши таҳлил қилинди. 

Таҳлил натижаларидан кўринишича, вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йилда жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан                   248 таси ёки 44,2 фоизини ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.

Шундан, вилоят ҳудудидаги ҳокимларнинг 121 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Жумладан, Мирзаобод туман ҳокимининг 25 та, Гулистон туман ҳокимининг 22 та, Сирдарё туман ҳокимининг 20 та, Ховос туман ҳокимининг 14 та, Гулистон шаҳар ҳокимининг 11 та, Сайхунобод туман ҳокимининг 9 та, Янгиер шаҳар ҳокимининг 8 та, Боёвут туман ҳокимининг 6 та, Оқолтин туман ҳокимининг 2 та, бошқа ҳокимликларниг 4 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.

Сирдарё вилоятида ҳоким қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилиши кўрсаткичи 2022 йилга нисбатан 2023 йилда 5,2 фоизга ошган.

Маъмурий ишларнинг судда кўрилиши натижалари бўйича  ҳокимликларга 2023 йилда 96 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йилда жами кўриб чиқилган маъмурий ишлардан 177 таси ёки 31,5 фоизини солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.

Ушбу ишлар бўйича Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг 67 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Маъмурий ишларнинг суддда кўрилиши натижалари бўйича солиқ органларига 2023 йилда 41 та хусусий ажримлар чиқарилган. Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури” талаблари доирасида тақдим этилмоқда.

Перейти к содержимому